Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўз ватандошларини АҚШга пул эвазига жўнатишни ваъда қилган бир неча шахсни қўлга олди. Мамлакатнинг икки вилоятида фуқароларни хорижга ноқонуний олиб чиқишга уринишларга чек қўйилди, деб хабар қилади ДХХ матбуот хизмати.
Ана шундай воқеалардан бири Самарқанд шаҳрида содир бўлган. Маҳаллий аҳоли танишининг ишончини қозониб, уни Мексика орқали АҚШга юборишга ваъда қилади. Гумонланувчи ўз хизматлари учун 25 минг доллар сўрайди. ДХХ ходимлари воситачини 15 минг АҚШ доллари миқдорида тўловнинг биринчи қисмини олаётган вақтда қўлга олишган.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида икки оғайни АҚШга ишлаш учун кетмоқчи бўлганлар учун схема ўйлаб топишади. Улар маҳаллий фуқарони Туркия-Арманистон-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали Қўшма Штатларга юборишни ваъда қилиб, эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Аммо, улар олдиндан 12 минг АҚШ доллари олаётган вақтларида ушланган.
Учинчи ҳолат Фарғона вилоятида қайд этилган. Бу ерда маҳаллий тадбиркор Қўқон шаҳрида яшовчи фуқарога 10 минг доллар эвазига Америка Қўшма Штатларига кўчиб ўтишга ёрдам беришни ваъда қилган. Фирибгар пулни олаётган вақтда қўлга олинган.
Давлат хавфсизлик хизматининг аниқлик киритишича, юқоридаги барча фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
20 ноябрь куни АҚШ расмийлари Мексика орқали АҚШга ноқонуний кирган Ўзбекистон фуқаролари бундан буён мамлакатга киритилмаслигини маълум қилишди. АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар камида беш йилга қонуний кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берадиган оила аъзолари ҳам виза олишдан бутунлай маҳрум этилиши мумкин.
ℹ️ Fox News маълумотларига кўра, 2021 йил октабридан 2023 йил октабригача бўлган даврда АҚШга чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган 13624 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган ва бу энг кўп ноқонуний муҳожирлар келган давлатлар шартли рейтингидаги учинчи ўриндир.