Тошкентда аёллар ҳуқуқини поймол қилган кафе эгаси 6 миллион сўм жаримага тортилди

flashnews.bg сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди соат 22:30 дан кейин аёлларни муассасага киритмагани учун кафе эгаси ва унинг ходимини 6,6 миллион сўм (537 доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда суднинг тегишли қарорига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Воқеа 18 ноябрь куни содир бўлган. Журналист Инобат Аҳатова дўстлари билан кечқурун «Анҳор» боғи ёнидаги кафеда ўтиришни режалаштирган. Бироқ, муассаса ходими ички тартиб қоидаларига кўра, соат 22:30 дан кейин аёллар кириши тақиқланганини айтиб, тошкентлик аёлларни ичкарига киритмаган.

Шундан сўнг Аҳатова мамлакат президенти порталига шикоят ёзган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза юборган. Журналист таъкидлаганидек, кафе ишчилари ўз ҳаракатлари билан гендер тенглик тамойилини бузишган.

29 ноябрь куни суд Sahil Street Food умумий овқатланиш корхонаси эгаси ва унинг қўл остидаги ходимини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-2-моддаси («Жинсга кўра камситишни тарғиб қилиш») билан айбдор деб топган ва ҳар бирига БҲМнинг 20 баравари миқдорида — 6,6 млн сўм жарима солган.

Дарвоқе, ушбу модда кодексга 2023 йил 31 октябрдаги қонун билан киритилган. Оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, бу гендер асосидаги ҳуқуқларни бузганлик учун жазо белгиловчи янги қоида билан боғлиқ биринчи суд жараёнидир.

Судланганлар ўз айбига иқрор бўлишган, муассаса эгаси ҳатто видеомурожаат ёзиб, унда у аёллардан кечирим сўраган ва қилган ишидан пушаймон эканини айтган.

Инобат Аҳатованинг айтишича, ушбу пост эълон қилинганидан кейин унинг постида «кўп негатив ва нафрат» билан жавоб берилган. Унинг сўзларига кўра, аксарият эркаклар тадбиркорнинг ҳаракатини оқлаган ва қўллаб-қувватлаган, баъзилари аёлларга кечқурун уйда қолишни тавсия қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ