Олмаота мэрияси: ёнғинда 13 киши ҳалок бўлган хостел ноқонуний фаолият юритган

Олмаота мэрияси матбуот хизмати фотосурати

30 ноябрь куни ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлган ётоқхонага айлантирилган бинонинг ижарачилари Олмаота мэриясидан ертўла ҳудудини ўзгартиришга рухсатнома олмаган ва ноқонуний иш юритган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Мэрия маълумотларига кўра, бино эгаси «КУСА Ҳалик» МЧЖ бўлиб, у билан ижарачи ALA Hostel МЧЖ 2023 йил 21 сентябрда тегишли шартнома тузган.

Техник ҳужжатларга кўра, ушбу 457 квадрат метр майдон «дўкондан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш» учун мўлжалланган.

Ҳокимиятдагиларнинг таъкидлашича, Қозоғистон қонунчилигига кўра, биноларни таъмирлашда ҳокимиятдан рухсат олиш зарур. Бироқ, Олмаота шаҳарсозлик ва режалаштириш бошқармаси ётоқхонани ташкил қилган ижарачиларга бундай «қоғоз» бермаган.

Бинонинг функционал мақсадини ўзгартиришда санитария-эпидемиология ва қурилиш талаблари, шунингдек ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш кераклиги таъкидланган.

Бундан ташқари,

Санитария-эпидемиология талабларининг 23-бандига кўра, хостелларни ертўла ва пастки қаватларга жойлаштириш тақиқланади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Almaty Hostelдаги воқеага муносабат билдирди. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, ҳукумат ва шаҳар ҳокимлигига ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди. Давлат раҳбари, шунингдек, фожиа учун барча айбдорлар жавобгарликка тортилишига ваъда берди.

Президент баёноти фонида Олмаота маъмурияти жабрланганлар ва эвакуация қилинганларга ёрдам кўрсатилишини эълон қилди. Шаҳар мэри Эрболат Досаев топшириғига кўра, ҳалок бўлганлар жасадларини қариндошлари кўрсатган жойларга, жумладан, республикадан ташқарига олиб бориш, дафн маросимларини ташкил этишда ёрдам кўрсатилади.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ётоқхонадаги ёнғинда ҳалок бўлганларнинг рўйхати пайдо бўлди. Маълумотни эълон қилаётган оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, ҳозирча расмий маълумотлар олинмаган. Ушбу манбаларга кўра, қурбонлар орасида тўққиз нафар қозоғистонлик, икки нафар россиялик ва икки нафар ўзбекистонлик бўлган.

30 ноябрь куни эрта тонгда Ади Шарипов кўчасида жойлашган Almaty Hostelда юз берган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Дастлабки тахминга кўра, улар ис газидан заҳарланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сирим Шарипхонов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Ётоқхонадаги ёнғин ва одамларнинг ўлими юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 292-моддаси («Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш») бўйича иш очилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ