29 ноябрь куни Остона суди рўйхатдан ўтмаган «Алга, Қозоғистон!» партияси етакчиси Марат Жиланбаевни экстремистик ташкилотни молиялаш ва унда иштирок этишда айбдор деб тан олди ва уни 7 йилга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар берди.
Суд судланувчининг Қозоғистон Республикаси ҳудудида тақиқланган «Қозоғистон демократик танлови» (ҚДТ) экстремистик ташкилоти тарафдори бўлганини, ташкилот раҳбари Мухтор Аблязов ва унинг хориждаги штаб-квартираси билан алоқада бўлганини, шунингдек ундан «конституциявий тузумни ўзгартиришга» қаратилган кўрсатмалар олганини аниқлаган. Жиланбаевнинг ўзи экстремистик ташкилотга аъзолигини рад этиб, ўтган йилдан бери «Алга, Қозоғистон!» партиясини рўйхатдан ўтказа олмаётганини қўшимча қилган.
Фаол устидан маҳкама 30 октябрь куни бошланган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Прокурор Жиланбаэвни 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Ҳимоя томони судланувчини жиноят таркиби йўқлиги сабаб оқлашни сўраган. Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ишни сиёсий мотивга эга, деб ҳисоблашмоқда.
Марат Жиланбаев бир ярим йил ичида дунёдаги энг катта учта чўл: Осиёдаги Қорақум, Африкада Саҳрои Кабир ва Австралиядаги Катта Викторияни бир ўзи югуриб ўтгани билан машҳур бўлган. Сўнгги йилларда у Қозоғистон ҳукуматини танқид қилиб, норозилик намойишларида қатнашган. Ўтган йилдан бери Жиланбаев сиёсий фаолларни таъқиб қилишни тўхтатиш бўйича митингларни мувофиқлаштириш, халқаро экспертлар иштирокида 2022 йил январь воқеалари бўйича тергов ўтказиш ва ҳоказоларни сўраб Остона ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилган.
17 март куни у Европа Иттифоқининг Остонадаги элчихонаси олдида келишилмаган митинг ўтказиб, сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш ва сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилган. Бунинг учун 3 май куни у маъмурий жавобгарликка тортилиб, 20 суткага ҳибсга олинган. Аммо 23 май куни Жиланбаев қамоқдан чиқмаган. Кейинчалик маълум бўлишича, полиция уни экстремизмга қарши кураш бўлимига олиб борган ва Жиланбаев уйида тинтув ўтказишган.