Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишга қарор қилди. Турнир 26-30 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Мусобақа доирасида очиқ ва аёллар ўртасидаги турнирлар бўлиб ўтади.
Жаҳон чемпионатида бутун дунёдан 300 нафарга яқин шахматчи иштирок этиши режалаштирилган. Норвегиялик Магнус Карлсен, ҳиндистонлик Виши Ананд, россиялик Ян Непомнящий, америкалик Ҳикару Накамура ва Фабиано Каруана каби ҳақиқий юлдузлар келиши кутилмоқда. Турнирда рапид бўйича энг ёш жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этади.
Самарқанд шаҳрида тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши жорий йилнинг ноябрь ойи бошида маълум бўлган эди. Бироқ, ўйинлар қайси жойда бўлиб ўтиши аниқ эмас эди. Натижада ФИДE ташкилотчилари ва раҳбарияти йирик халқаро тадбирларни ўтказишда етарли тажрибага эга бўлган Silk Road Samarkand янги сайёҳлик мажмуасини танлашди.
«ФИДE Ўзбекистоннинг шахмат бўйича бой анъаналарини ва яқинда шахмат бўйича супер давлатга айланганини эътироф этади. Шахматга бўлган бундай фидойилик ва сармоя бизни ушбу нуфузли тадбирни ўтказишни Ўзбекистонга ишониб топширишимизга туртки бўлди», – дейди Халқаро шахмат федерацияси раҳбари Аркадий Дворкович.
ℹ️ Silk Road Samarkand сайёҳлик марказининг очилиш маросими 2022 йил август ойида бўлиб ўтди. Кўп тармоқли марказ саккизта замонавий меҳмонхона, конгресс-холл, «Абадий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотларни ўз ичига олади. Ўтган йил сентябрь ойида мазкур мажмуа ҳудудида ШҲТ саммити бўлиб ўтди. 2023 йили у ерда «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс пойдевори» халқаро конгресси бўлиб ўтди.