Петропавловсклик болта билан ҳужум қилган мактаб ўқувчиси етти йилга қамалди

prosud.kz сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Шимолий Қозоғистон вилоятининг туманлараро ихтисослаштирилган суди юқори синф ўқувчиларига болта билан ҳужум қилган Петропавловсклик мактаб ўқувчиси Д.ни олти йилу тўққиз ойга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм судялар иштирокида қабул қилинди, дея аниқлик киритади Zakon.kz.

Судланувчи уч кишини ўлдиришга уринишда айбдор деб топилган. У жазони ўртача хавфсизлик даражасидаги вояга етмаганлар муассасасида ўтайди. Бундан ташқари, жабрланувчилар фойдасига маънавий зарар ундирилган, унинг миқдори кўрсатилмаган.

Оммавий ахборот воситалари, шунингдек суд қарор қабул қилишда Д.нинг ёшини ва унинг ижобий хусусиятларини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида тан олганини ёзади. Ҳеч қандай оғирлаштирувчи ҳолат аниқланмаган.

ℹ️ Петропавловск шаҳридаги 4-сонли ўрта мактабдаги воқеа жорий йилнинг 13 февраль куни содир бўлган. Ўша куни 9-синф ўқувчиси ниқобда мактаб биносига кириб, 10 ва 9-синфларда ўқийдиган икки ўғил ва бир қизга болта билан жароҳат етказган. Ўз вақтида етиб келган бир неча ўқувчилар ва ўқитувчилар уни тўхтатиб қолишган. Икки ўсмир боши ва билак қисмидан олган жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, учинчисига эса жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ўсмир вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Маълум бўлишича, у аввал Олмаота шаҳридаги Республика руҳий саломатлик илмий-амалий марказида стационарда даволанган, 2022 йил ноябрь ойи охирида унга умумий таълим йўналиши бўйича ўқишни давом эттириш тавсия этилган.

Октябрь ойи бошида Петропавловск мактабларидан бирида ўқувчининг ҳужуми бўйича тергов ишлари якунлангани, иш материаллари судга тақдим этилгани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ