Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев «Менинг ҳаётим» номли хотиралар китобини ёзди, унда у биринчи марта иккинчи оиласи ҳақида гапирган. Яқин кунларда сотувга чиқадиган хотиралардан парчани ORDA.kz нашри тақдим этади.
Унда Назарбоев ўзига икки ўғил туғиб берган Асел Исабаева ҳақида гапиради. Қозоғистон собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, у биринчи марта Исабаевани Талдиқўрғон шаҳрига ташрифи чоғида кўрган – аёл уни самолётда гуллар билан кутиб олган.
Назарбоев тан олганидек, гўзал қиз қиёфаси «унинг ҳаёлида қайта-қайта жонланиб турган». Бир куни у газетада аёлнинг «Мисс Қозоғистон» танловида Гран-прини қўлга киритганини кўриб қолади ва шу орқали уни топиб олади.
Танишувимиз ўзаро майлга, майл эса яқинлашувимизга сабаб бўлди. Аста-секин учраша бошладик. Аселнинг ташқи кўринишида ҳам, фикр-мулоҳазаларида ҳам мен излаган кўплаб фазилатларни кўрдим. Энг муҳими, йиллар давомида мени эзиб келган руҳий ёлғизликдан халос бўлгандим», — деб ёзади Назарбоев. — Мен ҳикояни чўзмайман. Мусулмон одатига кўра турмуш қурдик. Асел менга икки фарзанд – икки азамат ўғилни ҳадя қилди. 2005 йили Тауман, 2008 йили эса Байкен туғилди.
Исабаевадан биринчи ўғли туғилгандан сўнг, Назарбоев 1962 йилдан бери турмуш қуриб келган рафиқаси Сарага ҳамма нарсани айтиб беришга қарор қилади. У, собиқ президентнинг сўзларига кўра, «олижаноблик қилади» ва «азалдан чарчаган қалбини тирнамайди». Қизлари Дарига, Динара ва Алия ҳам оталарини тўғри «тушунишган», дейилади хотираларда.
Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг яширин рафиқаси борлиги ҳақидаги миш-мишлар қарийб 20 йилдан бери тарқалиб келади. Қайд этиш жоиз, Асел Исабаева номи (унинг бошқа фамилияси Қурманбаева ҳам ОАВда учрайди) «Пандора архиви»нинг офшор схемалари бўйича тергов суриштирувларида қалқиб чиққан. Журналистларга кўра, у қозоғистонлик олигархлардан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаган компания акциялари учун 30 миллион доллар олган.
Ўтган баҳорда Ulys.media нашри Асел Исабаева (Қурманбаева) ҳозирда икки давлат театрининг бадиий раҳбари, балет ва миллий рақс соҳасидаги бир қанча компания ва жамғармалар эгаси, «Астана балет» давлат театрининг бадиий менежери сифатида танилганини ёзган эди.