Олмаотадаги хостелда юз берган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди

tengrinews.kz сайти фотосурати

30 ноябрь куни эрта тонгда Ади Шарипов кўчасида жойлашган Almaty Hostelда юз берган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлган. Дастлабки тахминга кўра, улар ис газидан заҳарланган, деб хабар беради шаҳар Фавқулодда вазиятлар департаменти (ФВД) матбуот хизмати.

Хостелдаги ёнғин ҳақида хабар соат 05:33 да келиб тушган ва ўт ўчирувчилар етти дақиқадан сўнг воқеа жойига етиб келишган.

«Ўт ўчирувчилар етиб келган вақтда биринчи қавати ва ертўласи ётоқхонага айлантирилган уч қаватли турар-жой бинонинг ертўласи ёниб турган. Ёнғиннинг умумий майдони тахминий бўйича 30 кв.м ни ташкил этади», — дейилади фавқулодда вазиятлар департаменти хабарида.

Ёнғин соат 06:22 да ўчирилган. Бинони кўздан кечириш чоғида 13 кишининг жасади топилган. Кейинроқ Олмаота мэри Эрболат Досаев ҳалок бўлганлар орасида Қозоғистоннинг 11 фуқароси, ўзбекистонлик ва россиялик фуқаро борлигини маълум қилди.

Бироқ, бир неча соатдан кейин шаҳар полицияси барча ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланганини маълум қилди. Бошқарма маълумотларига кўра, булар тўққиз қозоғистонлик, икки нафар ўзбекистонлик ва икки нафар россияликдир.

Олмаота мэрияси маълумотларига кўра, фавқулодда ҳолат вақтида ётоқхонада жами 72 киши бўлган, уларнинг аксарияти ўз-ўзини эвакуация қилган. Ҳокимликнинг аниқлик киритишича, уч нафари тез тиббий ёрдам шифохонасига етказилган, 56 нафар меҳмон вақтинча яқин атрофдаги мактаб биносига жойлаштирилган. Керакли нарсалар олиб келиниб, иссиқ овқат билан таъминланган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, терговни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сирим Шарипхонов бошчилигида мамлакат бош вазири томонидан зудлик билан тузилган ҳукумат комиссияси олиб бормоқда. Дастлабки версия мавжуд, унга кўра ёнғин ўчоғи ертўла коридорида бўлган. Шунингдек, ушбу муассаса бир ярим ой аввал ётоқхонага айлантирилгани ва унинг умумий майдони 457 кв.м. экани маълум. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.

Almaty Hostelдаги ёнғин ва 13 кишининг ўлими юзасидан республика Жиноят кодексининг 292-моддаси («Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш») билан иш қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ