Қозоғистон Фаластинга қўшимча гуманитар ёрдам жўнатади, деб хабар берди республика ҳукумати матбуот хизмати.
Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев кўрсатма берди. Ёрдам миқдори 38 тоннадан ортиқ озиқ-овқат, кўрпа-тўшак, дори-дармон ва тиббий маҳсулотларни ўз ичига олади. Товарлар яқин орада авиатранспорт орқали жўнатилади.
«Қозоғистон кўмаги Ғазо секторидаги ҳалокатли гуманитар вазият муносабати билан Фаластинга ёрдам беришга қаратилган», — дейилади баёнотда.
Бундан олдин Қозоғистон Фаластин халқига 1 миллион доллар гуманитар ёрдам кўрсатган эди. Ташқи ишлар вазирлиги ажратилган маблағ БМТнинг Яқин Шарқ бўйича агентлиги ҳисобига ўтказилганини хабар қилганди.
7 октябрь куни Ҳамас кучлари Исроилга ҳужум қилиб, мамлакат жанубига бостириб кирди. Исроил Ғазо секторига ҳаво ҳужумлари билан жавоб берди ва шунингдек, анклавни тўсиб қўйди, товарлар, электр ва ёқилғи етказиб беришни тўхтатди. Айни дамда Ҳамас ва Исроил ўртасида пайшанба куни эрталаб ўз ниҳоясига етадиган сулҳ мавжуд. Келишув шартларига кўра, ўтган жума кунидан бошлаб ҳар куни Ҳамас 13 нафар гаровга олинган исроил фуқаоларини, Исроил эса 39 нафар фаластин маҳбусларини қамоқхоналардан озод қилади.
11 ноябрь куни Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида Қозоғистон пойтахти Шарқий Қуддус бўлган 1967 йил чегараларида Фаластин давлатини яратишни қўллаб-қувватлади. Саммит натижасига кўра, Ғазо Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин ҳудудларининг ажралмас қисми деб тан олинган, Исроилни қуролли можаро учун қораловчи резолюция қабул қилинган.