Мирзиёев Ўзбекистонда энг талабгир 50 та дори воситасини ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берди

daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди раҳбарлар ва тадбиркорларга республикада энг кўп истеъмол қилинадиган 50 та дори воситасини маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари 28 ноябрь куни фармацевтика саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари фармацевтика соҳасида эришилган ютуқларни қайд этиб, кейинги олти йилда маҳсулот ишлаб чиқариш уч баробар, экспорт ҳажми олти баробар ошганини алоҳида таъкидлади.

525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, эришилган ютуқлар мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Масалан, республикада йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолгани импорт ҳисобидан қопланаяпти.

Мирзиёев фармацевтика зоналари тизимидан тўлиқ фойдаланилмаётганини танқид қилди. Шу муносабат билан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни, жумладан, мамлакатда энг оммабоп 50 та дори воситасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали 35 фоизга етказиш бўйича топшириқлар берди.

Бундан ташқари, Президент Tashkent Pharma Park кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш зарурлигини айтди. Шунингдек, фармацевтика корхоналарига GMP халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик 173 та саноат лойиҳаси шакллантирилган. Уларни молиялаштириш учун 600 миллион доллар йўналтирилади. Мутасаддилар буларнинг натижасида 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ