Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон хавфсизлик кучлари томонидан таъқиб қилинаётган қорақалпоқ фаоли Тлеубика Йўлдошевага қочқин мақомини беришдан бош тортди. Бу ҳақда Олмаота қорақалпоқ диаспораси вакили Оқилбек Муратбай ўзининг Х (собиқ Twitter) саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Йўлдошева мазкур мақомдан маҳрум этилган бешинчи фаол бўлди, зеро мақом қорақалпоқлар республика конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётган Ўзбекистонга экстрадиция қилиш хавфини камайтирган бўларди. Муратбайнинг қўшимча қилишича, барча фаоллар учинчи давлатлардан сиёсий бошпана сўраш ниятида.
Шу йилнинг август ойида Остона қорақалпоқ диаспорасининг икки вакили – Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетовга қочқин мақомини беришдан бош тортгани хабар қилинган эди.
2022 йил кузида Қозоғистон полицияси ўзбекистонлик ҳамкасбларининг илтимосига кўра Тошкент томонидан қидирувга берилган беш нафар қорақалпоқни бирин-кетин қўлга олди. Тез орада уларнинг барчаси бир йил муддатга қамоққа ҳукм қилинди.
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жақсимбетов Олмаотадаги тергов изоляторидан озод қилинди. Орадан икки кун ўтиб, Раиса Худайбергеновага ҳам худди шундай чора қўлланган. Яна бир қорақалпоғистонлик аёл Зиуар Мирманбетова 4 октябрь куни озодликка чиқди. 13 ноябрь куни тергов изоляторини тарк этган Тлеубике Йўлдошева диаспоранинг ҳибсга олинган охирги вакили бўлди.
ℹ️ Тлеубике Йўлдошева 2022 йил 13 ноябрь куни Ақтўбе вилоятидаги назорат-ўтказиш пункти орқали Россияга кетмоқчи бўлганида қўлга олинган. 16 ноябрдан бери у Ақтўбе шаҳри тергов изоляторида сақланган. Бундан ташқари, панжара ортига тушган бошқа қорақалпоқлар сингари, Йўлдошева ҳам Қозоғистон ҳукуматига сиёсий бошпана беришни сўраб мурожаат қилган.
Фаолларнинг ҳибсга олиниши фонида диаспора етакчилари ўтган йил декабрь ойида республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқ хат ёзишган эди. Улар давлат раҳбаридан «Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг илтимоси ва бевосита иштирокида» қорақалпоқларга нисбатан таъқиб бўлаётганига эътибор қаратишни сўраганлар.