Бош прокуратура Тошкентдаги мактаб ўқувчиси ўлимига доир маълумот берди

REPOST.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Тошкент шаҳридаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчисининг ўлимига электр токи уриши сабаб бўлган.

Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновга таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Мутахассислар ўқувчининг ўлимига электр токи уриши, ўткир нафас етишмовчилиги, мия ва ўпка шиши сабаб бўлганини аниқлашган. Бундан ташқари, боланинг чап қўли кафт соҳасида электр токи уриши ҳам аниқланган.

28 ноябрь куни эрта тонгда ижтимоий тармоқларда пойтахт мактабларидан бирида ўқувчи таълим муассасаси ҳудудида бўлган вақтида очиқ электр симига тегиб, ток уриши оқибатида вафот этгани ҳақида маълумотлар тарқала бошлади.

Шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари воқеа юзасидан ўз версияларини тақдим этиб, интернетдаги нашрларга зудлик билан муносабат билдиришди. Ушбу маълумотга кўра, 27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 ларда ўқувчи А.А. мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида тоби қочган ва ҳушидан кетган. Шу вақтни ўзида мактаб қоровули томонидан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган. Тез ёрдам машинасида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига олиб кетилган. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази шифокорлари томонидан ёрдам кўрсатилганлигига қарамай бола ўзига келмаган ва вафот этган. Шу билан бирга, пойтахт расмийлари таъкидлаганидек, ҳудудда шикастланган электр линиялари аниқланмаган, мактаб стадиони ва унинг атрофида очиқ электр манбалари бўлмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ