Остоналик Наталья Свириденко (Меркулова) TikTok ижтимоий тармоғидаги эфир вақтида қозоқ миллати вакилларини очиқчасига ҳақорат қилгани ва уларни «бир-бирини ўлдиришга» чақиргани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд тегишли қарорни 23 ноябрь куни қабул қилди, дея хабар беради КазТАГ.
Аниқлик киритилишича, Свириденко Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси 1-қисми («Ижтимоий, миллий, қабилавий, ирқий, синфий ёки диний адоватни қўзғатиш») бўйича айбдор деб топилган. Маҳкума жазони ўртача тартибли колонияда ўтайди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, воқеа 7 август куни юз берган. Остоналик аёл маст ҳолда TikTokда ўзининг «Королева 2» аккаунти орқали трансляция олиб борган. Эшиттириш вақтида ўз обуначилари орасида қозоқ миллатига мансуб шахслар борлигини билгач, аёл уларни намойишкорона ҳақорат қила бошлаган. Уят сўзлар билан сўкинишлардан ташқари, Свириденко этник гуруҳ вакилларини маймунларга тенглаштирган, фойдаланувчилардан бирини «касал» деб атаган, шунингдек, бутун республикани қамраб олган норозилик намойишлари пайтида одамлар ҳалок бўлган 2022 йил январь воқеаларида этник қозоқларни айблаган.
«Шундай қилиб, Свириденко Н.В. телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда, миллий адоватни қўзғатишга, фуқароларнинг миллий шаъни ва қадр-қимматини камситишга қаратилган қасддан ҳаракатлар содир этган», — дейилади суд ҳукмида.
Шунингдек, иш материалларида қайд этилишича, аёлнинг сўзларида талон-тарож қилиш ва жамоат тартибини бузиш, ўзгаларнинг мулкини ноқонуний тортиб олишга очиқ чақириқлар бор ва унинг ҳаракатлари ижтимоий хавфли бўлиб, мамлакат халқи бирлигига қарши қаратилгандир.
Бундан ташқари, Свириденконинг сўзларини конституциявий тузумни бузиш чақириқлари сифатида қабул қилиш мумкинлиги ва унинг айрим фойдаланувчиларга нисбатан ҳақоратлари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларга путур етказиши мумкинлиги таъкидланган.