Тошкент шаҳар суди апелляция комиссияси «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг иқтисодчи Юлий Юсупов ташкилот ҳақидаги мақоласи билан «обрўсига путур етказгани» ҳақидаги даъвосини қаноатлантирган биринчи инстанция қарорини бекор қилди. Бу ҳақда «Фарғона»га Юсуповнинг ўзи маълум қилди.
Иқтисодчининг сўзларига кўра, апелляция комиссияси қарори эълон қилинган йиғилиш 27 ноябрь куни бўлиб ўтган. Бироқ, у ҳозирча бу иш бўйича пойтахт судининг расмий қарорини олмаган.
Юсупов ўзининг Телеграм-каналида суд жараёни бўйича изоҳларни эълон қилди. Жумладан, у ўз мижозининг манфаатларини бепул ҳимоя қилган Legalmax Central Asia юридик фирмасига миннатдорчилиги билдиради.
Иқтисодчининг таъкидлашича, унга нисбатан очилган иш буюртма бўлиб, бу ерда Ассоциация фақат восита бўлган холос. Юсупов биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят қилган, зеро унинг фикрича, суд экспертни ўз мақоласида «нотўғри маълумот» тақдим этганликда айбдор деб топиб «буюртмани сўзсиз бажарган».
«Судя ўз қарори билан Ўзбекистон суд тизимини обрўсизлантирди ва мамлакатимизда «қўнғироқ ҳуқуқи» қандай ишлашини яққол кўрсатиб берди», — дейди Юсупов биринчи инстанция суди қарорини изоҳлар экан.
Шу билан бирга, иқтисодчи Ассоциация билан олиб борилган ишларнинг ижобий натижаларини таъкидлади:
✔️ жамоатчилик норозилиги, диққатни соҳага қаратиш;
✔️ Бахром Шарипов («Ўзбекипаксаноат» акциядорлик жамияти ва Ипчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг собиқ раҳбари) лавозимидан озод этилди;
✔️ Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бўйсундирилди (бундан аввал қўмита Президент Администрациясига бўйсунган ва унинг раҳбари узоқ вақт давомида ўз лавозимини Ассоциация раҳбари лавозими билан бирлаштириб келган, гўёки у давлатдан мутлақо мустақил бўлгандай);
✔️ соҳага масъул давлат қўмитасининг янги раҳбарини тайинлаш;
✔️ Тошкент шаҳар судининг сўз эркинлигига қарши хуружларга аниқ жавоби.
«Мен «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раҳбариятининг ўзгаришини кутяпман. Ва идеал ҳолда — бу зарар келтирувчи ташкилотнинг тугатилишини. Мен уларнинг фирибгарлик фаолияти юзасидан тергов бошланишини кутмоқчиман. Лекин, афсуски, бундай бўлмайди», — дея хулоса қилади Юсупов.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон пиллакорлари ва пиллачилик саноати корхоналарини бирлаштирган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш маркази илмий раҳбари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кенгаши аъзоси Юлий Юсупов устидан судга мурожаат қилган эди. Бунга экспертнинг «Ўзбекистонда ипакчилик: бюрократик бошқарувнинг самарасиз амалиёти сақланиб қолинмоқда» мақоласида билдирилган танқидий фикрлари сабаб бўлган. Дастлаб, ташкилот иқтисодчининг мақоласини раддия эълон этган, аммо Юсупов бунга қарши далилларни илгари сурган.