Ўзбекистонда 2023 йил 1 декабрдан эълон қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга ахборотлар рўйхати кенгайтирилади. Жумладан, Ҳаж зиёратига борувчиларнинг онлайн навбатлари ва боғчага қабул қилиш учун аризалар рўйхатга киритилади. Тегишли нормалар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 ноябрдаги коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган қарорида мустаҳкамланган.
Шундай қилиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати веб-сайтига кириб, ҳудудлар бўйича бўлинган рўйхатларни кўриши мумкин. Шунингдек, уларда зиёрат учун навбатга қўйилган сана ва аризачининг тартиб рақами ҳақида маълумотлар ҳам бўлади.
Президент қарорига мувофиқ, очиқ маълумотлар рўйхатига қуйидагилар қўшилди:
👉 болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар;
👉 давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби;
👉 марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
👉 давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.
Бундан ташқари, таълим соҳаси билан боғлиқ бир қатор жараёнлар интернет тармоғида жонли эфирга узатилиши белгиланди:
✅ фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);
✅ ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;
✅ олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг қуйидаги босқичлари.
Агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш мақсадида «Қайта алоқанинг сирли мижози» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилди.
Фармонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар чоракда давлат корхоналари ва давлат органларидаги порахўрлик ва молиявий қонунбузарликлар ҳолатини таҳлил қилиб бориши белгилаб қўйилган. Ҳар олти ойда бир марта Ўзбекистон Миллий кенгашининг тегишли мажлислари режалаштирилган бўлиб, унда экспертлар коррупцияга қарши курашиш бўйича кейинги чора-тадбирларни муҳокама қиладилар.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, ёзда Мирзиёев Ҳажга бориш истагида бўлган зиёратчиларнинг шаффоф навбатини шакллантириш учун ноёб онлайн тизим ишга туширилиши ҳақида маълум қилганди. Бундай қарорни қабул қилиш зарурати нафақат коррупция таркибий қисми, балки фирибгарлик фактларидан келиб чиққанди. Жумладан, жорий йили Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати шунга ўхшаш бир қанча ҳолатларни маълум қилди. Унга кўра, жиноятчилар талаб кучайганидан фойдаланиб, Маккага жўнатиш учун одамлардан пул олишган. Хавфсизлик хизмати ходимларининг сўзларига кўра, фирибгарлар соддадил инсонлардан 8 минг доллардан 16 минг долларгача пул талаб қилишган.