Авваллари Чеченистон ҳукуматини танқид қилган россиялик Мансур Мовлаев ўз ватанига мажбуран чиқариб юборилиши мумкинлигидан қўрқиб, Қирғизистонни тарк этган. Бу ҳақда фаолнинг адвокати Бахит Автандил «Кавказ.Реалии» (РФда хорижий агент сифатидан тан олинган Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ бюроси) нашрига маълум қилди.
Адвокатнинг қўшимча қилишича, Мовлаевнинг қаердалиги ҳозирча номаълум, аниқроғи, хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор этилмаяпти.
«У депорт қилинмаслик учун республикани тарк этган. Қандай қилиб, мен билмайман. Айтишимиз мумкинки, у бир ўзи суд қарорини бажарди ва мустақил равишда Қирғизистонни тарк этди», — деди Автандил.
Октябрь ойи бошида Бишкекнинг Первомайский туман суди Мовлаевни Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топиб, олти ойлик қамоқ жазосини, сўнгра депортация қилиш ҳақида ҳукм чиқарганди. Бироқ, ҳимоячи чечен фаолига нисбатан энг юқори жазо тайинланлаши учун апелляция ва петиция бериш ниятида бўлган, чунки адвокатга кўра, маҳкум ўз ватанидан кўра хорижий давлатда хавфсизроқ бўлади.
20 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди Мовлаевни ҳибсга олиш муддати тугагани — тергов изоляторидаги бир кун колонияда икки кунга тенглаштирилиши сабаб озод қилди. Шу билан бирга, россияликни Қирғизистондан чиқариб юбориш қарори ўз кучида қолдирилди.
ℹ️ 28 ёшли Мансур Мовлаев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни кескин танқид қилгани билан танилган. 2020 йили Мовлаев Россия Федерацияси Жиноят кодексининг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши учун жавобгарликни назарда тутувчи 228-моддасига асосан уч йилга озодликдан маҳрум этилган. Чечен мухолифатчиларига кўра, бу иш уйдирма бўлган. 2022 йили у шартли равишда озод қилинган, аммо тез орада ўғирлаб кетилган ва Чеченистон полиция бўлимларидан бирига олиб келинган. Мовлаев ҳужжатсиз қочиб, Қирғизистонга етиб олишга муваффақ бўлган. Россия ҳукумати уни федерал қидирувга берган.
Мовлаев Қирғизистон ҳукумати томонидан ҳибсга олингани шу йилнинг август ойи охирида маълум бўлди. Сентябрь ойида фаол Қирғизистон ҳукуматига қочқин мақомини беришларини сўраб мурожаат қилган.