27 ноябрь куни Жамбил вилоятидаги Жайсан конида юз берган авария натижасида икки кончи ҳалок бўлди, деб хабар беради ушбу конни ўзлаштираётган «Казахмыс» компанияси матбуот хизмати.
«Тоғ-кон ишлари пайтида Ғ. Омаров номидаги Шахтопроходческий трести кончилари, 1981 ва 2002 йилларда туғилган, инсон ўлимига олиб келувчи жароҳат олишган», — дейилади компания хабарида.
Айни дамда ҳодисанинг ҳолатлари ва сабабларини аниқлаш учун махсус комиссия тузилган.
«Казахмыс» компанияси раҳбарияти ва жамоаси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Таъкидлаш жоиз, жорий ойда бу «Казахмыс» холдинги корхоналарида содир бўлган учинчи бахтсиз ҳодисадир. 6 ноябрь куни Шарқий Жезқазғон конининг 57-шахтасида тоғ жинси массаси қулаши оқибатида кон устаси ҳалок бўлган. 22 ноябрь куни Жезқазғон шаҳридаги 2-сонли қайта ишлаш заводида ишлаётган машинистни конвеер механизми қисиб қўйган, натижада аёл вафот этган.
ℹ️ «Казахмыс» гуруҳи — холдинг бўлиб, унинг асосий активлари тоғ-кон саноати ва рангли металлургияда жамланган. Компания корхоналарида 37 мингга яқин киши ишлайди.
Қозоғистонда кўпинча тоғ-кон корхоналарида инсон умрига зомин бўладиган бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб туради. «АрcелорМиттал Темиртау» компаниясининг сўнгги йилларда қатор фавқулодда вазиятлар содир бўлган корхоналарида хавфсизлик чоралари айниқса ёмон. Жумладан, октабрь ойи охирида Костенко конида 46 нафар кончи ҳалок бўлган фожиа ҳақида хабар берилган эди.