Ўзбекистон Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида қизамиқ касаллиги авж олгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Ҳозирда 255 нафар бемор даволанмоқда, деб ёзади қўмита ўзининг Telegram-каналида.
Қўмита аниқлик киритишича, 255 та ҳолатнинг 62 фоизи бир ёшгача бўлган болалар, яна 25 фоизи уч ёшгача бўлган болалардир. Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 235 нафар бемор даволанмоқда, 5 захира ўрин мавжуд. Бешкапа болалар сиҳатгохида 20 нафар бемор даволанмоқда, эпидемиологик вазият ёмонлашган тақдирда 80 ўрин ажратилади. Шундай қилиб, наманганлик шифокорлар қизамиқ билан касалланганлар учун жами 340 ўрин тайёрлашган.
Жорий йилнинг ўн ойида Наманган вилоятида 735 нафар қизамиқ касаллиги расман тасдиқланган. Таққослаш учун, дастлабки олти ойда республика бўйича ушбу ташхис билан 164 нафар бемор қайд этилган.
Шу билан бирга, мутасаддилар вилоятда дори-дармон, реагентлар ва эмлаш учун материаллар етарли даражада таъминланганини таъкидлашади. Маълум бўлишича, вилоятда қизамиқ ва қизилчага қарши 9,5 минг доза вакцина олинган, икки мингга яқин бола эмланган.
Ўзбекистон хавф гуруҳидаги ва касаллар билан мулоқотда бўлган олти ойликдан беш ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун мўлжалланган препаратнинг уч миллион дозаси харид қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу дори воситаларини мамлакатнинг барча ҳудудларига тарқатмоқда.
Қизамиқ эпидемияси Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Жумладан, бир ҳафта аввал Қозоғистонда ҳар куни 400 нафаргача бемор касалхонага ётқизилаётгани хабар қилинган эди. 2023 йил бошидан буён республикада 14111 қизамиқ касаллиги қайд этилган бўлиб, уларнинг 83 фоиздан ортиғи 14 ёшгача бўлган болаларга тўғри келади.
Қирғизистонда ҳам қизамиқ эпидемияси қайд этилган. Республика иммунопрофилактика маркази маълумотларига кўра, йил бошидан буён респуликада 4098 та ҳолат қайд этилган.
Мустақил матбуот хабарларига кўра, Туркманистон пойтахти Ашхободда ҳам бундай ташхис билан касалланганлар сони ортиб бормоқда.
ℹ️ Қизамиқ — вирусли характердаги ўткир юқумли касаллик бўлиб, иситма, йўтал, бурун оқиши, томоқ оғриғи ва тошмалар билан тавсифланади. Касаллик пневмония, бронхит ва энцефалит каби асоратлар туфайли хавфлидир. Қизамиқдан ягона самарали ҳимоя бу эмлашдир.