Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан яна Тошкентга келади

Дэвид О’Салливан. ЕИ Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати фотосурати

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан (David O'Sullivan) 29-30 ноябрь кунлари Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Махсус вакилнинг ташрифидан мақсад Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари юзасидан Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив мулоқотни давом эттириш экани таъкидланади. Бу ташриф иккинчиси — аввалгиси жорий йилнинг баҳорида бўлиб ўтган. Ўшанда О’Салливан Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон ва Қозоғистонга ташриф буюрганди.

«Биз Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламайдиган давлатларнинг фикрини ҳурмат қиламиз. Аммо биз уларнинг санкцияларни четлаб ўтиш учун майдонга айланишини истамаган бўлардик. <…> Биз Россия орқали транзитда олиб ўтилаётган кўплаб товарларнинг ўша ерда қолаётганидан хавотирдамиз. Биз бундай эмаслиги тасдиғини олишни истаймиз», — деганди О’Салливан март ойи охирида Қирғизистонга ташриф буюрганда.

Апрель ойи охирида у Қозоғистонга келган ва у ердан Ўзбекистонга йўл олганди. Бу сафар ҳам О’Салливан Остонага ташриф буюриб, сўнг Тошкентга келади.

ℹ️ Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий қилинган ва шундан сўнг йилига икки марта – январь ва июль ойларида – олти ойга узайтирилиб келинади. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилганидан сўнг, ушбу режим доирасида, жумладан экспорт чекловларини назарда тутувчи 11 та чекловчи чора-тадбирлар пакети жорий этилди. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ёзганидек, Россияга етказиб бериш тақиқланган товарлар ушбу мамлакатга МДҲдаги қўшнилари орқали кириб бормоқда. Ўз навбатида, мазкур давлатлар расмийлари Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бериш ниятида эмаслигини бир неча бор таъкидлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ