23 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский 147 жисмоний ва 303 юридик шахсга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Булар асосан Россия вакиллари, бироқ эълон қилинган рўйхатларда Украина, Ўзбекистон, Руминия, Кипр, Буюк Британия, Лихтенштейн, Австрия, Швейцария ва Беларусь вакиллари ҳам бор.
Санкция қўлланиладиган юридик шахслар рўйхатига Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган «Оҳангаронцемент» корхонаси ва 2022 йили унинг акцияларининг 98,6 фоизини сотиб олган «Аcкерманн Цемент ЦА» компанияси киритилган. Шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдингига кирувчи Россиянинг «Аккерманн Цемент» компаниясига ҳам санкциялар жорий этилган.
Жисмоний шахслар рўйхатида Ўзбекистон фуқаролари Насиба Нарзиева ва Шоҳрух Носирхўжаевлар бор. «Газеты.uz»нинг ёзишича, Нарзиева Алишер Усмоновнинг жияни, Носирхўжаев эса унинг турмуш ўртоғи.
Ушбу компаниялар ва фуқароларга нисбатан 10 йил муддатга санкциялар жорий этилган. Санкциялар активларни блоклаш, савдо операцияларини тўхтатиш, капитални Украинадан ташқарига олиб чиқишни тақиқлаш ва бошқа қатор чекловларни назарда тутади.
ℹ️ Аввалроқ, шу йилнинг апрель ойида «Оҳангаронцемент», «Аккерманн Цемент ЦА», Нарзиева, Носирхўжаев ва яна бир қанча Ўзбекистон фуқаролари АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган эди.