Ўзбекистон энергетика тизими совуқ ҳавода ишлаш учун барча зарур нарсалар билан таъминланган. Бу ҳақда 22 ноябрь куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига ташриф буюрган мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
«Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур», — дея давлат раҳбари сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.
Жумладан, муассаса, корхона ва уй-жой фондидаги тармоқлар модернизация қилиниб, долзарб масалалар ҳал этилган. 675 МВт қувватга эга электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган. Мамлакат бўйлаб 100 та подстанция, 11,5 минг трансформатор ва 34 минг километр тармоқ янгиланган.
Яқин ойларда 1 минг 700 мегаваттли 8 та қуёш ва шамол электр станцияси, Сирдарёда 500 мегаваттли газ турбинаси ишга туширилади. Сурхондарёдаги Шарғун конида 900 минг тонна кўмир қазиб чиқариш бошланади.
5 миллиард куб метр газни кафолатли етказиб бериш масаласи ҳал қилинган. Ер ости омборларида етарли миқдорда газ захираси тўпланган. Суюлтирилган газ, мазут, трансформатор, кабел ва бошқа зарур воситаларнинг захираси тайёрлаб қўйилган.
«Ўтган йилнинг 22 ноябрь ҳолатига ИЭСларимизда 46 минг тонна мазут захирамиз бўлган бўлса, ҳозирги кунда 340 минг тоннадан ортиқ захирамиз бор. Яъни мазут захираси қилинди, кафолатланган газ захираси яратилди. Ўтган йили ерости газ сақлаш омборларидан кўпи билан 18 миллион куб метр газ олишимиз мумкин эди, бугун эса янги қурилма — компрессор станцияси туфайли 40 миллион куб метргача газ олишимиз мумкин», — деди Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Олий Мажлисдаги ҳукумат соати чоғида.
1 декабрдан Ўзбекистон энергетика тизими кечаю кундуз ишлашга ўтади.
ℹ️ Ўзбекистонда 2022 йил 6 декабрда бошланган кескин совуқ ва қор ёғишидан кейин фуқароларнинг турар-жой бинолари ва бошқа биноларни иссиқлик билан таъминлаш истаги туфайли газ ва электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ошганди. Натижада истеъмолчиларга газ ва электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келганди.
Энергетика соҳасидаги муаммоларни тезкор ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат ишчи гуруҳи тузилди. Ўзбекистон ҳукумати газ экспортини бутунлай тўхтатди ва бошқа давлатлар билан энергия ресурсларини қўшимча харид қилиш бўйича музокараларни бошлади.
Қиш мавсумига тайёргарлик кўрилмагани боис президент Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбай Раматовга танбеҳ берди. Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарход Абдураҳмоновлар ўз лавозимларидан озод этилди. «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзтрансгаз» ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятлари раҳбарлари раҳбарлик вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига туширилди. Энергетика компаниясининг бир неча раҳбарлари ҳибсга олинган. Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га энергетика соҳасидаги коррупцияга барҳам бериш бўйича алоҳида чоралар кўриш топширилганди.