Антикор QazaqGaz ходимларига нисбатан тергов ишларини бошлади

ktga.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги (Антикор) республиканинг асосий газ транспорти ва газ таъминоти компанияси QazaqGaz (собиқ «КазТрансГаз») ходимларига нисбатан тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда агентликнинг расмий вакили Арман Тлеукенов маълум қилди, дея хабар беради КазТАГ.

Унинг сўзларига кўра, тергов «тасарруфдаги ташкилотлар ходимларининг ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзасидан» олиб борилмоқда. Шундай қилиб, Тлеукенов 22 ноябрь куни эрталаб компаниядаги тинтувлар ва ҳибсга олишлар ҳақидаги оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга изоҳ берди.

«Жиноят ишининг холислигини ва ҳолатларини ҳар томонлама ўрганишни таъминлаш мақсадида тергов-тезкор тадбирлари ўтказилди.

Ҳозирда бу иш бўйича ҳеч ким ҳибсга олинмаган, ҳеч кимга нисбатан айблов эълон қилингани йўқ», — дея таъкидлади Антикор вакили.

QazaqGaz бошқаруви таркиби 2022 йил март ойи ўрталарида тўлиқ янгиланган.

2014 йилдан 2022 йилгача компанияни собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариганинг эри Қайрат Шарипбаев бошқарган. Шарипбаев мамлакатдаги январь воқеаларидан кейин миллий компания бошқаруви раиси лавозимидан кетган. Назарбоев администрациясининг собиқ раҳбари Адилбек Жақсибеков биринчи президент куёви билан биргаликда компанияни тарк этган.

2022 йил баҳорида президент Қосим-Жомарт Тўқаев QazaqGazни тўлиқ аудиторлик текширувидан ўтказишни буюрган, шу муносабат билан «Фарғона» компаниянинг собиқ раҳбарияти жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, Шарипбаевдан кейин QazaqGazни вақтинча компаниянинг собиқ бошқарувчи директори Ибулла Серди бошқарган. Бироқ орадан бир ой ўтмай унинг ўрнига Санжар Жаркешов тайинланган ва Ибулла Серди қидирувга берилган. У бошқалар ишониб топширган мол-мулкни жуда катта миқдорда ўғирлашда гумон қилинган.

2022 йил июнь ойида, парламентда бўлиб ўтган ҳукумат соатида Жаркешов QazaqGazдаги текширув чоғида 937 миллиард тенгедан (тахминан 2,2 миллиард доллар) ортиқ воситачилик схемалари ва молиявий қонунбузарликлар аниқланганини айтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ