Ўзбекистонда мавжуд бўлган 8,3 миллион бино ва иншоотларнинг шартли кадастр қиймати 70 миллиард долларни ташкил этади, уларнинг реал бозор қиймати камида 4-5 баробар (280-350 миллиард доллар) кўп бўлиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ва кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.
Кўчмас мулк, у жойлашган ернинг бозор қийматини ҳисобга олган ҳолда, асосий иқтисодий актив ҳисобланади. Бироқ, президент таъкидлашича, 44,8 миллион гектар ернинг, яъни бутун Ўзбекистон ҳудудининг бозор қиймати ҳам ҳалигача аниқланмаган. Республикада 40 миллион гектар ёки жами ерларнинг 90 фоизи кадастрда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шу билан бирга, ердан кўпинча норационал фойдаланилади, бу, масалан, аэрофотосурат ва замонавий дронлардан фойдаланиш орқали аниқланмоқда. Масалан, Қарши туманида экин ерлари 45 минг гектар деб кўрсатиб келинаётган бўлса-да, ҳисоботда яйлов бўлиб турган 5 минг 100 гектар майдон ҳам аслида суғориладиган ер эканлиги аниқланган. Бу эса йўқотилган бюджет даромадлари, иш ўринлари ва даромадлардир, деди Мирзиёев.
Президент таъкидлаганидек:
👉 қишлоқ хўжалигида 286 минг гектар ернинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари тўлиқ эмас;
👉 доимий фойдаланиш учун ажратилган 460 минг гектар ернинг ҳуқуқий мақоми аниқ эмас;
👉 159 минг гектар ернинг ҳужжатдаги ва амалдаги майдони бир-биридан фарқ қилади;
👉 817 минг гектар ер аҳоли яшаш жойи ва саноат ҳудудига айланиб кетган, аммо ҳисоботларда қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасида турибди;
👉 100 та туманда тоифаси ўзгарган 17,5 минг гектар ер на тадбиркорга берилган, на аукционга чиқарилган;
👉 жами 900 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерлари кадастр рўйхатидан ўтмасдан турибди.
Сув хўжалигида ҳам кўплаб рўйхатга олинмаган ерлар мавжуд, йўл хўжалигида алоҳида ички йўллар ва уларга туташ ерлар бўйича ҳужжатлар йўқ. Саноат зоналарида ҳам бўш участкалар мавжуд. Натижада мамлакат бюджети миллиардлаб сўм даромадларини йўқотмоқда.
Президент ердан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш, аэрофотосурат ва кадастр ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштириш, ерларнинг ҳақиқий балансини ҳисоботларда тўғри акс эттириш, канал ва коллекторлар бўйлари, табиий кўл ва дарёлар яқинидаги майдонларни ҳужжатлаштириб, экспорт маҳсулоти етиштириш учун аҳолига бериш бўйича топшириқлар берди.
Январь ойида Шавкат Мирзиёев жорий йили 100 минг гектар экин майдонлари аҳоли ўртасида тақсимланиши, бу икки миллиондан ортиқ кишини иш билан таъминлашини таъкидлаган эди.