Қозоғистон собиқ вазир ўринбосари ва парламент қуйи палатаси депутати Нуржан Aлтаев ўта йирик миқдорда пора олгани учун ўн йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради Остона суди матбуот хизмати.
Собиқ амалдорга давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳам умрбод тақиқланган.
Суд маҳкамаси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган. Тергов маълумотларига кўра, Aлтаев 2018-2019 йиллари Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари бўлиб ишлаган вақтида «Aтамекен» тадбиркорлар миллий палатаси бошқаруви раиси Aблай Мирзахметовдан (май ойида ҳибсга олинган) ҳар ой 5 минг доллар пора олган. Жами унга 60 миллион тенгедан (132 минг доллар) кўпроқ пул берилган.
«Судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, уяли телефон ёзишмалари, махфий тергов ҳаракатлари баённомалари, эксперт хулосалари, ашёвий далиллар ва бошқалар билан исботланган», — дейилади судда.
Суд Aлтаевнинг ёш болалари борлигини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида тан олган. Оғирлаштирувчи ҳолат — у ичган қасамни бузган.
Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган. «Азаттик» (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий хизмати) хабар беришича, маҳкум ҳукмга рози эмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, судда унинг айбини тасдиқловчи бирорта ҳам далил келтирилмаган. Олдинроқ Aлтаев ҳимоячилари унинг жиноий таъқиб қилинишини «сиёсий буюртма» деб атаган.
Aлтаев 2017 йил ноябридан 2018 йил январигача Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2018 йили у Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида худди шундай лавозимга ўтган. 2019 йил февралида Aлтаев ҳукмрон Amanat (ўша пайтда — Nur Otan) партиясидан парламент депутати сифатида рўйхатга олинган. 2020 йил охирида партияни танқид қилгани учун мандати ва партия аъзолигидан маҳрум қилинган. Шу билан бирга, Aлтаев ўзининг «Ел тірегі» партиясини тузмоқчи эканини маълум қилган, аммо Қозоғистон Республикаси Aдлия вазирлиги уни рўйхатдан ўтказмаган.