Туркман чегарачилари таниқли ҳуқуқ ҳимоячисини мамлакатдан чиқаришмади

Солтан Очилова. «Хроника Туркменистана» сайти фотосурати

Халқаро мукофотни қўлга киритган ва уни олиш учун Женевага учишни режалаштирган туркман ҳуқуқ фаоли ва журналист Солтан Очиловага мамлакатни тарк этишга рухсат берилмади. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Ашхобод аэропортида 74 ёшли Солтан Очилова ва унинг қизи Майя синчиклаб текширилган, иккаласи ҳам бир неча марта сканердан ўтказилган, барча юклар, жумладан, ҳасса ҳам қўлда текширилган. Аёлларни рейсга қўймасликка ҳеч қандай сабаб бўлмаган. Шундан сўнг Очиловалар кўз ўнгида паспорт назорати ходимлари паспортларнинг барча саҳифаларини нам салфеткалар билан артишган, шундан сўнг улар ҳужжатларни фойдаланишга яроқсизлигини маълум қилишган. Ҳуқуқ ҳимоячиси раҳбариятни чақиришни талаб қилган, бироқ унга рад жавоби берилган.

ℹ️ 2021 йили Солтан Очилова «Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун Нобел мукофоти» номи билан машҳур халқаро Мартин Энналс мукофотининг учта финалчисидан бирига айланган. Коронавирус пандемияси даврида ҳаракатланиш чекловлари туфайли Очилова эндигина Швейцарияга учиб, совринни қўлга киритиш имкониятига эга бўлган. Шунингдек, у БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти вакиллари ва қатор университетлар талабалари билан учрашишни режалаштирган.

Солтан Ачилова узоқ вақтдан бери «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) билан ҳамкорлик қилиб келади. Уни бир неча бор қўрқитишган ва ҳужумлар қилишган. 2019 йили Очиловага чет элга чиқишга рад жавоби берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ