Қозоғистонда SpaceX компаниясининг сунъий йўлдош интернетига эга Starlink абонент терминалларидан фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади. Жисмоний шахслар дастлаб огоҳлантирилади, такрорий қоидабузарлик учун эса 10 та минимал иш ҳақи (34,5 минг тенге ёки 75 доллар) миқдорида жаримага тортилади.
Бу ҳақда Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Телекоммуникациялар қўмитасининг алоқа соҳасидаги назорат бошқармаси бошлиғи Диас Толегенов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Вазирликда бўлиб ўтган брифингда журналистлар эътиборни кўплаб қозоғистонликлар шахсий фойдаланиш учун Starlink терминалларини сотиб олаётгани ва ўрнатаётганига қаратдилар. InformБЮРОнинг аниқлик киритишича, ўрнатиш нархи 500 доллардан 1500 долларгача ўзгариб туради, алоқа учун ойига 50 доллардан тўланади.
«Бу масала бўйича айтаманки, шундай одамлар бор (уйларига Starlink ўрнатишган – таҳр. изоҳи). Тегишли идоралар улани аниқлаш ва тушунтириш ишлари олиб бориш устида ишлашмоқда. Чунки ҳозирда амалдаги версияда фойдаланиш амалдаги қонунчиликни бузади, чунки у хавфсизлик талабларига жавоб бермайди», — деди Толегенов.
Фойдаланувчилар ҳам, сотувчилар ҳам санкцияларга дучор бўлади, дея таъкидлади у ва Рақамли ривожланиш вазирлиги терминал фойдаланувчиларини тўғридан-тўғри қидирмаслигини, балки сотувчилар бозорини кузатиб боришини қўшимча қилди.
Мулозимга кўра, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан сўнг қозоғистонликлар терминаллардан қонуний фойдаланишлари мумкин бўлади. Ҳозир тегишли ишлар олиб борилмоқда, деди у.
Starlink — бу Элон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан самода жойлаштирилган глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, унга махсус ускуналар орқали уланиш мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқиш 2015 йили бошланган. Унинг асосий мақсади фойдаланувчиларга ҳар қандйа носоз жойларда юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга киришни таъминлашдан иборат. Синов прототиплари 2018 йил февралида, 60 та прототипли сунъий йўлдошларнинг биринчи гуруҳи эса 2019 йил май ойида учирилган.
Ҳозирда Қозоғистонда 10 та мактабда синов лойиҳаси доирасида Starlink глобал сунъий йўлдош тизими синовдан ўтказилмоқда. Келгуси йилда унга республиканинг чекка аҳоли пунктларидаги 2 мингдан ортиқ мактабни улаш режалаштирилган.