Қозоғистонда вилоят полицияси раҳбарияти қўлга олинган шахс зўрлангани билан боғлиқ можаро туфайли ишдан бўшатилди

Марат Кожаев. primeminister.kz сайти фотосурати

Жетису (Қозоғистон жануби-шарқидаги вилоят) полиция бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари Талдиқўрғон (вилоят маркази) полицияси бошлиғи томонидан бир қиз зўрлагани боис ўз лавозимларидан четлаштирилди. Бу ҳақда Сенат йиғилишида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев маълум қилди, деб ёзади Nur.kz.

«Толдиқўрғон ИИБ бошлиғининг айби аниқланди. Вазир полиция бошлиғини, ўринбосарларигача ишдан бўшатди. Бу уятли факт, буни тан олишимиз керак. Биз одамларнинг калласида нималар борлигини билолмаймиз, кўплаб текширувлар ўтказилди. У мазкур жиноятни содир этган, жавобгарликка тортилади, суд қарор қабул қилади», — деди мулозим.

Ишдан бўшатилганларнинг исм шарифларини бир кун аввал Ички ишлар вазирлиги раҳбари Ержан Саденов эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу вилоят ИИБ бошлиғи Атиқай Аристанов, шунингдек унинг кадрлар сиёсати бўйича ўринбосари Талант Жумабеков ва тергов бўйича ўринбосари Мақсат Ережеповлар. Шу билан бирга, бошлиқнинг биринчи ўринбосари Жасулан Байкенов ўз лавозимини сақлаб қолган, аммо у иш вазифасига тўлиқ мос келмаётгани ҳақида огоҳлантирилган.

Жетису вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини аввали ИИВ ички хавфсизлик бошқармасини бошқарган полиция генерал-майори Арман Саданов бажаради.

Толдиқўрғон ички ишлар бўлими бошлиғи Марат Куштибаевнинг қўлга олингани 13 ноябрь куни маълум бўлди. Хабар берилишича, у 27 ёшли ҳибсдаги аёлни зўрлаганликда гумон қилинмоқда. Қизнинг адвокатига кўра, у жамоат тартибини бузганликда айбланиб, ички ишлар бўлимига келтирилган. Аёл терговчининг кабинетида бўлганида, уни бошлиқ хонасига чақиришади.

«Жабрланувчи бошлиқ кабинетига кирганида содир бўлган воқеани бўйича ўзини оқлай бошлайди. Уни диққат билан тинглаган полиция бошлиғи ёрдам беришга ваъда беради. «Сенга ўхшаган гўзал қизга протокол тузмайман» дея унга тегажоқлик қилиб, жинсий алоқага мажбурлаган», — дейди адвокат.

Қуштибаев 2022 йилдан буён Толдиқўрғон шаҳар ички ишлар бўлимини бошқариб келган. У узоқ йиллар Талгар тумани, Или тумани ва вилоят маъмурий полиция хизматида ишлаган, 2019 йили Олмаота вилояти маҳаллий полиция хизмати бошлиғи этиб тайинланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ