Фаластин-Исроил можароси томонлари Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева 15 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган One Heart for Palestine («Фаластинда тинчлик учун биргаликда») саммитида айтиб ўтди.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон биринчи хоними Ғазо секторидаги қуролли тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Минглаб одамлар, жумладан, болалар можаро қурбони бўлди ва буни ҳеч қандай тарзда оқлаб бўлмайди, деди Мирзиёева.
«Минг афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Натижада қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда» — деди Ўзбекистоннинг биринчи хоними.
У можаро томонларини:
👉 зудлик билан ўт очишни тўхтатишга;
👉 умидсиз аҳволга тушиб қолган одамларга инсонпарварлик ёрдами етказилиши учун шароит яратишга;
👉 Можарони фақат «икки халқ учун икки давлат» тамойилига асосланган тинч, дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирди.
ℹ️ One Heart for Palestine саммити Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдўғон ташаббуси билан «бегуноҳ ғазоликларнинг азоб-уқубатларига чек қўйиш ва мавжуд инқирозни бартараф этиш учун кучли бирдамликни намойиш этиш мақсадида» ташкил этилди, дея ёзади Анадолу агентлиги.
Форумда 14 давлат – Қатар, Сенегал, Малайзия, Конго Республикаси, Бангладеш, Босния ва Герцеговина, Ливан, Шотландия, Ливия, Фаластин, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Ўзбекистон ва Туркманистон (бу давлатдан дипломат Чинар Рустамова вакиллик қилди) давлатлари раҳбарларининг рафиқалари ва вакиллари иштирок этди.
Саммит якунида Ғазо сектори бўйича йиғилишнинг Яхши ният декларацияси қабул қилинди.
ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракеталар ҳужуми уюштирди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб кирди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.
Исроил расмийларига кўра, Хамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ фуқаро террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил амалиёти бошланганидан буён анклавнинг 11 мингдан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлган.