Қозоғистонда қизамиқ эпидемияси авж олмоқда

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистонда ҳар куни қизамиқ билан касалланган 400 га яқин бола шифохоналарга ётқизилмоқда. Бу ҳақда «Власть» нашрининг расмий сўровига жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси хабар берди.

«2023 йил бошидан буён республика бўйича 14111 қизамиқ касаллиги қайд этилган бўлиб, уларнинг 83 фоиздан ортиғи 14 ёшгача бўлган болаларга тўғри келади. 10 ноябрь ҳолатига кўра, республика бўйича 2079 нафар бола касалхонада, 29 нафар бола реанимация бўлимида даволанмоқда. Ҳар куни 300 дан ортиқ болалар шифохонадан чиқарилмоқда ва 400 га яқин бола даволанишга ётқизилмоқда», — дейилади қўмита жавобида.

Қизамиқ билан касалланиш бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда, аммо тўртта вилоятда касалланиш даражаси юқори: Чимкентда – 2449 ҳолат, Олмаота шаҳрида – 2284 ҳолат, Жамбил вилоятида – 1866 ҳолат, Олмаота вилоятида – 1272 ҳолат.

Бу ҳақда Қозоғистондаги таниқли психиатр ва психотерапевт Жибек Жолдасова ўзининг Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли ижтимоий тармоқ) саҳифасида маълум қилишича,

мамлакатда энди бир неча юзта ҳолатга эга қизамиқ тарқалиши эмас, балки «тўлиқ миқёсдаги эпидемия» юз бермоқда.

«Ёзда ҳар ойда мингга яқин ҳолат тасдиқланаётган эди. Сентябрь ойидан бери ҳар ойда 3 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Ва бу кунига 100 дан ортиқ одам дегани. Йил бошидан буён 13 минг киши қизамиқ билан касалланган. Беморларнинг 99,3 фоизи эмланмаган. Уларнинг 60 фоизи вакцина олишдан атайлаб бош тортган. Беморларнинг 21 фоизи қизамиқга қарши эмлаш ёшига етмагани жуда ачинарли.

Агар кимдир қизамиқ билан касалланса, у ҳолда коронавирус арзимас нарсадек туюлади, зеро бунда болалар ўлади. Агар одамлар қизамиқдан осон-омон қутулиб қолишса, билингки, кўпчилиги бир умр ногирон бўлиб қолиши мумкин. Булар лаънати анти-вакссерларнинг оқибати ва пандемиядир», — деб ёзади Жолдасова.

Қўшни Қирғизистонда ҳам қизамиқ эпидемияси қайд этилган – йил бошидан буён бу ерда 4098 та ҳолат қайд этилган, деб хабар беради Республика иммунопрофилактика маркази. Вируснинг фаол тарқалиши Бишкек, Жалолобод ва Чуй вилоятларида кузатилмоқда.

Ноябрь ойи бошида «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги ўз манбаларига таяниб, Ашхободда қизамиқ касаллиги авж олгани ҳақида хабар берган эди. Шаҳардаги юқумли касалликлар шифохоналарида бундай ташхис билан юзлаб болалар бор ва уларнинг сони ортиб бормоқда, дейилади хабарда.

ℹ️ Қизамиқ – вирус табиатидаги ўткир юқумли касаллик бўлиб, иситма, йўтал, бурун оқиши, томоқ оғриғи ва тошмалар билан тавсифланади. Касаллик пневмония, бронхит ва энцефалит каби асоратлар туфайли хавфлидир. Қизамиқдан ягона самарали ҳимоя бу эмланишдир.

ℹ️ Қизамиқга қарши эмлаш ихтиёрийдир, болалар бир ёшида ва 6 ёшида қайта эмланишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ