Бутунжаҳон бокс кенгашининг Тошкентдаги конвенциясига Холифилд, Тайсон ва Цзю ташриф буюрди

WBC конвенцияси иштирокчилари. Olympic.uz сайти фотосурати

Тошкентда Бутунжаҳон бокс кенгашининг(WBC) 61-конвенцияси бўлиб ўтмоқда. Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон пойтахтига жаҳон бокс юлдузлари етиб келишди, улар орасида кўп карра чемпионлар – Майк Тайсон, Эвандер Холифилд, Костя Цзю, Амир Хон, Хулио Сезар Чавес ва бошқа профессионаллар ҳам бор, деб хабар беради Olimpic.uz.

Конвенцияси кун тартибидан таълим, допинг, ҳакамлик, халқаро муносабатлар, бокс қоидаларига киритилган ўзгаришлар, рейтинглар, чемпионлик камарлари, хайрия ва жамоат ташаббуслари каби бир нечта масалалар бўйича йиғишлар ўрин олган.

13 ноябрь куни бўлиб ўтган конвенциянинг очилиш маросимида WBC президенти Маурисио Сулаймон, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов, миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари раҳбарияти, ОАВ вакиллари ҳамда жаҳон бокс юлдузлари иштирок этди.

Тадбирнинг сўнгги куни – 17 ноябрь куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена» кўп функцияли мажмуасида катта профессионал бокс кечаси бўлиб ўтади. Оқшомнинг асосий жангида ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов ва жанубий африкалик Крис Томпсон ўзаро куч синашади.

ℹ️ 15 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жалолов Париж Олимпиадасидан сўнг бор эътиборини оғир вазнда WBC йўналиши бўйича чемпионлик камарини қўлга киритишга қаратганини айтди. Ҳозирда у британиялик Тайсон Фьюрига тегишли. Жалолов чемпионликка даъвогарлар рўйхатида 15-ўринда бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ