Ўзбекистонда болаларнинг оммавий заҳарланишига йоднинг ҳаддан ташқари дозаси сабаб бўлган

Амрилло Иноятов. Олий Мажлис йиғилиши видеотрансляциясидан кадр

Ўзбекистонда шу йилнинг сентябрь ойида содир бўлган болаларнинг оммавий заҳарланишига йод таркибидаги Антиструмин препаратининг ҳаддан ташқари дозаси сабаб бўлган. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида видеоалоқа орқали маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.

«Яқинда бўлиб ўтган Антиструмин воқеасини олайлик, вазирлик юз фоиз тан оляпти бу передозировка эканлигини. Бу ҳолат билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар ҳозир қонун олдида жавоб беришни бошлаяпти ва албатта жавоб беради ҳам.

Бундан бу ёғига бундай камчиликларга йўл қўймасликни шахсан мен вазир сифатида зиммамга оламан. Тизимда камчилик ва муаммолар жуда кўп йиғилиб қолгани учун тизимли ёндошувни бошлаганмиз», — дейди Иноятов.

Вазир парламентда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маъруза қилди. Эътиборлиси, Олий Мажлис веб-сайтида Иноятовнинг нутқи ҳақидаги хабарда болаларнинг заҳарланиши мавзуси тилга олинмаган. Йод препаратларига келсак, мамлакатда 3-15 ёшли 8,4 миллион бола, шунингдек, 2,2 миллион ҳомиладор ва эмизикли аёллар улар билан таъминлангани айтилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-ресурслари ҳам бу ҳақда жим.

ℹ️ 20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги болалар боғчалари ва мактабларида «Антиструмин» препарати ёрдамида ёдлаш дастури йўлга қўйилди. Орадан икки кун ўтиб Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг оммавий касалхонага ётқизилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Шифокорлар уларнинг аксариятига заҳарланиш ташхисини қўйишган. Кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларида болаларнинг заҳарланиши ҳақида хабарлар пайдо бўла бошладиди, жабрланганлар сони 600 кишидан ошди.

Беморларнинг ота-оналарига кўра, мактаб ва боғчаларда йод қабул қилгандан кейин фарзандларининг соғлиғи ёмонлашган. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўринбосари Элмира Боситхонова «асосий гумон ўткир респиратор вирусли инфекция билан боғлиқ», деган. Шу билан бирга, «Антиструмин» таркибидаги йод миқдори вояга етмаганлар учун кунлик эҳтиёждан сезиларли даражада ошиб кетиши маълум бўлган.

Болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳақидаги хабарлардан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Антиструмин» препаратини қўллашни тақиқлади, Ўзбекистон Бош прокуратураси мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши бўйича Республика Жиноят кодексининг 257-1-моддаси («Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бунга муносабат билдирди: жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади ва мутасаддиларга вазиятни алоҳида назоратга олишни топширди.

«Газета.uz» давлат харидлари портали маълумотларини ўрганиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий ишлаб чиқарувчи Samo компаниясидан 3,55 миллион қути «Антиструмин»ни ҳеч қандай тендерсиз харид қилганини аниқлаган. Хариднинг умумий суммаси 21,875 миллиард сўмни (1,8 миллион доллар) ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ