Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев илк бор шов-шувга сабаб бўлган собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг рафиқаси Салтанат Нукенованинг ўлими билан боғлиқ воқеани тилга олган. Давлат раҳбари Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига мазкур ҳолатни алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Оқорда сайти.
Шу билан бирга, хабарда жабрланувчи ва гумонланувчининг исмлари кўрсатилмаган, фақат «пойтахт ресторанларидан бирида рўй берган шов-шувли қотиллик» ҳақида сўз боради.
«Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Жамиятдаги адолат бу — қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлида фуқароларнинг бирдамлигидир. Қозоғистон қонун ва тартиб ҳукмрон бўлган давлатдир», — деб таъкидлайди давлат раҳбари ва аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига «қатъий чек қўйиш» кераклигини қўшимча қиларкан.
12 ноябрь куни Остона ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди Қозоғистон собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевни икки ойга ҳибсга олишга рухсат берди. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ вазир нимада гумон қилинаётгани ҳақида ҳозирча хабар бермаган.
9 ноябрь куни Қозоғистон ОАВлари Бишимбаев рафиқаси калтакланиш оқибатида вафот этгани муносабати билан ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Полиция маълумотларига кўра, Остона ресторанларидан бирида ташриф буюрувчилар ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада бир аёл олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Иш қотиллик моддаси бўйича тергов қилинмоқда.
Журналистларнинг маълум қилишича, воқеа пойтахтдаги Гастро-марказда жойлашган Bau ресторанида содир бўлган. Унинг директори ҳам яқинда тергов изоляторига жўнатилган. У жиноятни яширганликда гумон қилинмоқда.
43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, «Самрук-Казина» жамғармаси раиси ўринбосари, «Байтерек» холдинги бошқаруви раиси бўлган. 2016 йил майидан декабрига қадар Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йил январида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йил октябрида Бишимбаев озодликка чиққан. Жиноят-ижроия тизими қўмитасининг тушунтиришича, у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган, тавба қилган, Қозоғистон президентидан авф сўраган ва унинг илтимоси қаноатлантирилган.
Марҳума — Салтанат Нукенова — Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлган. Улар Бишимбаев озодликка чиққандан кейин турмуш қуришган. Нукенованинг қариндошлари эр хотинини бир неча марта калтаклаганини айтишган.