Олмаота вилоятида Хитойдан Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига юкларнинг транзит вақтини сезиларли даражада қисқартиришга мўлжалланган Олмаота станциясини четлаб ўтувчи Жетиген – Қазибек бек темир йўл линияси қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазирининг сайти хабар беради.
Темир йўлнинг биринчи бўғинини ётқизиш маросимида ҳукумат раҳбари Алихон Смоиловнинг шахсан ўзи иштирок этган. Қурилиш жараёнида жами 130 км темир йўл ётқизилади, 3 та станция, 13 та кўприк, 5 та темир йўл ва 1 та автомобиль йўл ўтказгичи қурилади. Янги линия йирик халқаро йўналишлар чорраҳасида жойлашган Олмаота узелидаги юкламани 40 фоизга камайтириши кутилмоқда.
«Бу (темир йўл линияси) Марказий Осиё, Европа ва Каспий денгизи портларига транзит юкларнинг ўтишини тезлаштиради. Бу йўналиш Олмаота узелини енгиллаштириш учун жуда зарур», — дея «Қозоғистон темир йўллари» компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Канат Алмагамбетов сўзларидан иқтибос келтиради матбуот хизмати. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Олмаота темир йўл кесишмасига келаётган юклар 1,5-2 кунга кечикмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги темир йўл юк ташиш ҳажми 2022 йили 23 миллион тоннадан ошиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етган. 2023 йил бошидан буён бу кўрсаткич яна 22 фоизга ошган. Хитойдан юклар транзитини кенгайтириш мақсадида Қозоғистонда Дўстлик-Мўйинти участкасида иккинчи йўл қурилмоқда. Яқин келажакда ХХР билан учинчи халқаро туташувга чиқадиган Дарбоза-Мақтаорал ва Бахти-Аяғоз темир йўл линияларини қуриш режалаштирилган.