Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимовга нисбатан иккита янги жиноий иш очилди

Карим Масимов. Ҳукумат сайти архив фотосурати

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимовга қарши иккита янги жиноий иш кўрилмоқда. Бу ҳақда «Казинформ»га республика МХҚ маълум қилди.

«К.Масимовга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 208-моддаси «Жиноят йўли билан олинган пулларни ва бошқа мулкни легаллаштириш» ва 366- «Йирик миқдорда пора олиш» моддаларида назарда тутилган жиноятлар юзасидан судга қадар тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда»— дейилади агентлик сўровига берилган қўмита жавобида.

Масимов прокуратура рухсати билан тергов ҳаракатлари олиб борилиши учун МХҚ пойтахт бошқармасининг тергов изоляторига олиб келинган.

Карим Масимов 2022 йил 8 январида, ойнинг биринчи кунларида мамлакатни қамраб олган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бир неча кун аввал у 2016 йилнинг сентябридан буён ишлаб келаётган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган эди. Масимов мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин инсон ҳисобланган. Ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазири, администрация раҳбари ва Қозоғистон президенти ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.

У ушланганидан сўнг дарҳол пойтахт Тергов суди Масимовни икки ойга ҳибсга олган. Масимов давлат тўнтаришига уриниш, давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш моддалари билан айбланган. Кейин унинг уч нафар собиқ ўринбосари терговга жалб қилингани, улар ҳам қамоққа олингани маълум бўлди.

Масимовнинг тўртинчи ўринбосари, Нурсултон Назарбоевнинг жияни генерал Самат Абиш январь воқеаларидан сўнг МХҚдан бўшатилган, бироқ ҳибсга олинмаган.

Бош прокуратура унга нисбатан терговни фақат 2023 йил сентябрь ойида бошлаган. Абиш мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумон қилинмоқда, ундан Қозоғистонда кетмаслик тўғрисида тилхати олинган.

Айни пайтда мамлакатнинг собиқ бош хавфсизлик хизмати ходимига қарши иш «махфий» тоифага киради. Унинг суд жараёни ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган ва бутунлай ёпиқ эшиклар ортида ўтган. 24 апрель куни Масимов 18 йилга, унинг ўринбосари Ануар Садиқулов 16 йилга, МХҚ раисининг яна бир собиқ ўринбосари Даулет Эргожин 15 йилга, Марат Осипов эса 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, маҳкумлардан давлат даромади сифатида 10 миллиард тенгедан (21 миллион доллар) ортиқ ва 24 миллион доллар ундирилган.

16 июнь куни Остона суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси Масимов, Содиқулов ва Эргожинларга нисбатан жазони ўташ тартибини қаттиқ тартибли муассасадан ўртача даражадаги жазога юмшатган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ