Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоқ фаолларининг охиргиси қўйиб юборилди

Тлеубике Юлдашева. Фото с сайта bureau.kz сайти фотосурати

Ўзбекистон талаби билан Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашева тергов изоляторидан озод этилди. Умуман олганда, аёл бир йилни панжара ортида ўтказди, дея хабар беради Олмаотада яшовчи қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратбай ўзининг Х (собиқ Twitter) саҳифасида.

Муратбайнинг айтишича, Юлдашева 13 ноябрь куни озодликка чиққан. Фаол сабабини аниқламаган, лекин эҳтимолга кўра аёл тергов изоляторини суд томонидан белгиланган ҳибсдаги бир йилни ўтгани учун тарк этган. Аввалроқ худди шу асосда Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспорасининг бошқа вакиллари ҳам қамоқдан озод қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь куни Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жақсимбетов Олмаотадаги тергов изоляторидан озод қилинган эди. Орадан икки кун ўтиб, Раиса Худайбергеновага ҳам худди шундай чора қўлланган. Яна бир қорақалпоғистонлик аёл Зиуар Мирманбетова 4 октябрь куни озодликка чиққан. Шу тариқа, Юлдашева Қозоғистон ҳукумати томонидан қўшни республика талабига кўра ҳибсга олинган, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланган беш нафар диаспора фаолининг охиргиси бўлди.

ℹ️ Тлеубике Юлдашева 2022 йил 13 ноябрь куни Ақтўбе вилоятидаги назорат-ўтказиш пункти орқали Россияга кетмоқчи бўлганида қўлга олинган. 16 ноябрдан бери у Ақтўбе шаҳри тергов изоляторида сақланмоқда эди. Бундан ташқари, панжара ортига тушган бошқа қорақалпоқлар сингари, Юлдашева ҳам Қозоғистон ҳукуматига сиёсий бошпана беришни сўраб мурожаат қилган.

Фаолларнинг ҳибсга олиниши фонида диаспора етакчилари ўтган йил декабрь ойида республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқ хат ёзишган эди. Улар давлат раҳбаридан «Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг илтимоси ва бевосита иштирокида» қорақалпоқларга нисбатан таъқиб қилинаётганига эътибор қаратишни сўраганлар.

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистонда хорижда яшаётган қорақалпоқлар устидан суд бўлиб ўтди. Иш бўйича айбланувчилар «Алға Қорақалпоғистон» партияси раҳбари Аманбай Сагидуллаев (доимий Норвегияда яшайди) ва Қозоғистоннинг Манғистау вилояти қорақалпоқ этномаданий бирлашмаси раиси Ниетбай Ўразбаев бўлиб, тергов маълумотларига кўра, улар ўтган йил июль ойидаги Нукусдаги тартибсизликларга бевосита алоқадор бўлишган. Натижада Сагидуллаев сиртдан 18 йилга, Ўразбаев 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

ℹ️ 2022 йил июль ойининг бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум этишни назарда тутувчи ўзгартиришларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.

Ноябрдан мартга қадар иккита суд жараёни бўлиб ўтди, уларнинг айбланувчилари турли хил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, уларнинг баъзилари озодликни чеклаш шаклида жазо олди. Энг оғир жазо — 16 йил қамоқ жазоси — терговчиларга кўра, оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси бўлган адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ