Каттақўрғонлик фуқаро интернетда Мирзиёевни ҳақорат қилгани учун 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

advgazeta.ru сайти фотосурати

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи 19 ёшли йигит ижтимоий тармоқда Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳақоратли фикр ёзгани учун 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди, деб ёзади «Газета.uz».

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди 26 октабрь куни ҳукм эълон қилган, бироқ бу ҳақда энди маълум бўлди. Иш материалларига кўра, каттақўрғонлик И.Д. жорий йил ёз ойининг бошида Instagram'да (РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли ижтимоий тармоқ) President family видеоси остида Шавкат Мирзиёев ҳақида изоҳ қолдирган.

Экспертиза унда президентни «ҳақоратлаш ва обрўсизлантириш» билан боғлиқ ҳаракатларни аниқлаган.

Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дўстларининг маслаҳатидан сўнг изоҳини ўчириб ташлаганини айтди. Орадан вақт ўтиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганидан хабар топгач, 24 август куни ўз ихтиёри билан чет элдан Ўзбекистонга қайтган.

И.Д. судда Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатга қарши эмаслигини, шунчаки ёшлик қилиб, тушунмасдан ҳақоратли сўз ёзиб қўйганини айтган.

Суд каттақўрғонлик фуқарони Республика Жиноят кодексининг 158-моддаси («Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш») 3-қисми билан айбдор деб топган. Бундан ташқари, Рақамли технологиялар вазирлигига маҳкумнинг Instagram даги саҳифасини блокировка қилиш топширилган.

«Газета.uz» қўшимча қилишича, таҳририят мазкур модда бўйича 10 га яқин суд қарорини ўрганиб чиққан, унга кўра, судланувчиларнинг эркинликлари чекланган. Шундай қилиб, ҳукм бу кўп ойлардан буён президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи суд қарори саналади.

ℹ️ 2021 йил март ойи охирида Жиноят кодексига телекоммуникация тармоқлари ёки интернетда Ўзбекистон Президентини омма олдида ҳақорат ёки туҳмат қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. Ушбу жиноятни содир этганлик учун ҳуқуқбузарларга уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ