Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев узоқ давом этган хасталикдан сўнг 71 ёшида Олмаотада вафот этди. Бу ҳақда собиқ президент матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.
Назарбоев ноябрь ойи бошида иккинчи юрак хуружи билан Олмаота марказий клиник шифохонасида ётқизилган ва ушбу тиббий муассасанинг аниқлик киритишича, ўлим 13 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 09.51 да содир бўлган.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Нурсултон Назарбоевга укаси вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди, дейди давлат раҳбари матбуот котиби Берик Уали журналистларга. Бироқ, у Тўқаевнинг дафн маросимида қатнашмаслигини таъкидлаган.
Болат Назарбоев 1953 йил 23 мартда туғилган. Меҳнат фаолиятини 1988 йили механизаторликдан бошлаган, сўнг Шамалған совхози директорининг ўринбосари бўлган. Ўтган йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган, «Инкар Агро» МЧЖ вице-президенти бўлган. 1997 йилдан BN Invest холдинг директори лавозимини эгаллаган. Бошқа тадбиркорлар уни босқинчиликда бир неча бор айблашган, бироқ унга нисбатан расмий айбловлар қўйилмаган.
«Қонли январь»дан кейин Болат Назарбоев бир қанча йирик активларидан айрилган. Жумладан, хавфсизлик кучлари унинг тузилмалари назорат қилган «Олтин Ўрда» бозорини текширган. Натижада Олмаота вилояти туманлараро хўжалик суди қарори билан «Олтин Ўрда бозори» МЧЖ тугатилган.
Бундан ташқари, Болат Назарбоев Олмаотадаги энг йирик «Барис-4» улгуржи бозорини хусусийлаштириш бўйича келишув ноқонуний деб эълон қилингани учун уни давлатга қайтарган. Жорий йилнинг февраль ойида ҳокимият ўз балансига республика биринчи президенти укасининг шўъба корхоналарига тегишли қарийб 300 минг гектар ерни ўтказгани хабар қилинган эди. Март ойида Болат Назарбоевга Олмаота оғир машинасозлик заводи (АЗТМ) акцияларининг деярли 32 фоизини давлатга қайтариш мажбурияти юклатилган, зеро қимматли қоғозларни олди-сотди шартномаларидан бири ҳақиқий эмас деб топилганди.
Болат Назарбоев «Саликали урпак» хайрия жамоат фонди асосчиси бўлган. 2020 йили унинг фонди COVID-19 га қарши курашиш учун 150 миллион тенге (325 минг доллар) ажратган. Шунингдек, у «Қозоғистон халқи» жамғармасига 1 миллиард тенге (2 миллион доллардан ортиқ) хайрия қилгани маълум қилинган.