Қирғизистон Олий суди «Вечерний Бишкек» ЁАЖ фойдасига Kaktus.mediaдан 600 минг сўм (6740 доллар) ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда Kaktus.media нашри хабар берди.
Бишкекнинг Первомайский туман судига даъво аризаси шу йилнинг январь ойида берилган. Бунга «Вечерний Бишкек» газетасининг банкрот бўлиши ва ёпилиши ва ходимларнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги мақола сабаб бўлган. Жами даъво миқдори 50 миллион сўмни (562 минг доллар) ташкил этган. Нашр пулнинг ярмини журналист Дили Юсупова, бош муҳаррир Наталья Тимирбаева ва муассис Дина Масловадан, қолганини «ПроМедиа плюс» жамоат фондидан (Kaktus.media таҳририяти) талаб қилган.
Туман суди мақоладаги маълумотларни банкротлик нуқтаи назаридан ҳақиқатга тўғри келмайдиган деб топиб, Юсупова ва «ПроМедиа Плюс» компаниясидан юридик шахсга етказилган маънавий зарар учун ҳар биридан 500 минг сўм (5 617 АҚШ доллари), шунингдек 700 сўмдан давлат божи миқдорида ундиришга қарор қилган. Томонлар Бишкек шаҳар судига апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва суд туман судининг қарорини ўз кучида қолдирган. Кейин томонлар Олий судга мурожаат қилишган.
Олий суд ҳайъати 10 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Юсуповадан 500 минг ўрнига 100 минг сўм (1123 доллар) ундиришга қарор қилган. Қарорнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолган. Жумладан, Kaktus.media таҳририяти «Вечерний Бишкек» банкротлиги ҳақидаги хабарни рад этиб чиқиши керак.
«Биз газетанинг молиявий ночор эканлигини инкор этишимиз керак. Аммо кулгили томони шундаки, биз деярли бир йилдан бери «Вечерка» газета сифатида чоп этилмаётгани борасида судлашиб юрибмиз. Дарҳақиқат, у шу кунгача чиққани йўқ. Бу бемаъни ва кулгили суд қароридир», — дейди Дина Маслова Kloop.kg даги изоҳида.
«Мен ҳалиям ўз фикримда қоламан – «Кактус» нинг газета ҳақида ёзганларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Ҳали ҳам газета чиқарилмаётганини, собиқ ходимлар устидан суд жараёнлари давом этаётганини, ҳали ҳам солиқ қарзи борлигини кўриб турибмиз. Солиқ веб-сайтига киринг, қарздорлар орасида биринчи ўринда «Вечерка»ни кўрасиз», — дея таъкидлайди Диля Юсупова.
«Институт Медиа Полиси» ЖФ адвокатлари суд қарорини ноқонуний деб ҳисоблашди. Жумладан, Акмат Алагушев қарор катта босим остида қабул қилинганини айтиб ўтди ва
«Суд жараёни давомида судялар битта савол ҳам беришмади», — дея такидлади.
«Биз суд қароридан жуда хавотирдамиз. Юридик шахсдан маънавий зарар ундириб бўлмайди, у фақат етказилган маънавий азоб туфайли жисмоний шахс фойдасига ундирилиши мумкин. Шу муносабат билан биз БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларга индивидуал шикоят қилиш имкониятини кўриб чиқяпмиз», — дейди ҳуқуқшунос Нурбек Сидиқов.
ℹ️ «Вечерний Бишкек» ёпилиши ҳақидаги материал Kaktus.media сайтида 2022 йил 29 декабрда эълон қилинган. Унда газетанинг сўнгги сони чиққани, 2023 йил 1 январдан бошлаб «Вечерний Бишкек» ёпилиши, электрон варианти ишлашда давом этиши айтилган.