«Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессида татар рассоми ва ҳайкалтарош Баки Урманче томонидан яратилган Улуғбек ва Авиценна ёдгорликларининг эскизлари тақдим этилди.
«Қозон (Волгабўйи ўлкаси) федерал университети тўплами» китоб-альбоми тақдимоти доирасида Баки Урманче ҳақидаги маъруза ўқиб эшиттирилди. Маълум бўлишича, у ўтган асрнинг ўрталарида Бухоро шаҳри учун Авиценна ҳайкали лойиҳасининг эскизини тайёрлаган ва у охир-оқибат якунига етказилмаган. Ҳайкалтарош асарлари орасида Улуғбек ҳайкали эскизи топилган, у ҳам амалга оширилмаган.
Маърузани Татаристон Давлат тасвирий санъат музейи директорининг фан ва нашриёт фаолияти бўйича ўринбосари Дина Хисамова ўқиб эшиттирди. У рассомнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб берди, унинг Россия музейларида, жумладан, Москвадаги Маржани жамғармаси коллекцияларида, Қозондаги Татаристон Республикаси Давлат тасвирий санъат музейида, Тошкентдаги Ўзбекистон давлат санъат музейида, Самарқанддаги Ўзбекистон маданият тарихи музейида сақланаётган асарларини намойиш этди.
ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ERIELL нефть хизмати гуруҳи кўмагида ташкил этилган «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси 5-8 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтди. Конгрессда дунёнинг 40 та давлатидан 300 дан ортиқ дунёга машҳур экспертлар, жумладан 20 та илмий ташкилотлар директорлари ва 6 та Фанлар академиялари директорлари, шунингдек ТУРКСОЙ халқаро маданият ташкилоти вакиллари иштирок этди.