Туркманистон президенти Фаластинга гуманитар ёрдам жўнатиш ҳақида буйруқ берди

Туркманистондан Фаластинга гуманитар юклар жўнатилиши. mfa.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Фаластинга гуманитар ёрдам жўнатиш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар беради «Туркманистон – Олтин аср» нашри.

Гуманитар юкларни жўнатиш ташаббуси Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги ғамхўрликка муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия жамғармаси томонидан илгари сурилган. Юк дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, пойабзал ва озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, жумладан болалар кийимлари ва чойшаблар, шунингдек, бошқа товарлардан иборат бўлади.

Гуманитар ёрдам ҳажми кўрсатилмаган. Туркманистон ТИВ хабарига кўра, юк аллақачон жўнатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари Фаластинга инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистон БМТнинг Яқин Шарқ бўйича агентлигига Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун молиявий ёрдам (1,5 миллион доллар) ажратди. Қозоғистон Фаластинга 1 миллион долларлик гуманитар ёрдам жўнатади.

ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракета ҳужумлари уюштирди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб кирди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.

Исроил расмийларига кўра, Ҳамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, улар орасида 40 дан ортиқ давлат фуқаролари ҳам бор, 229 киши террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 ноябрь куни берган маълумотларига кўра, бу ҳудудда 9,5 мингга яқин аҳоли можаро қурбони бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ