Росатом давлат корпорацияси Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишга тайёр. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Остонага ташрифи арафасида берган «Казахстанская правда» газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
«Маълумки, Қозоғистон Республикаси раҳбарияти ўз ҳудудида атом электр станциясини қуриш масаласини кўриб чиқмоқда. Агар ушбу лойиҳани амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинса, Росатом давлат корпорацияси энг юқори экологик талаблар ва хавфсизлик стандартларига риоя қилган, илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда тегишли лойиҳани ишлаб чиқишга тайёр. Бу Қозоғистон иқтисодиётини энергия билан таъминлашни оширади ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кучли туртки беради», — деди РФ президенти.
Путин, шунингдек Россия «Қозоғистон Республикасида рус тилини ўрганишга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда» Қозоғистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштириш ва бу мамлакатда мактаблар қуришда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
«Шубҳасиз, рус тили умумий меросимиз ва рақобатбардош устунлигимиздир, лекин энг муҳими, бу рус-қозоқ дўстлигини мустаҳкамловчи муҳим омилдир», — деди Путин.
Россия Федерацияси президенти икки мамлакат халқлари «ҳамиша яхши қўшни ва чин дўст бўлиб келган ва шундай бўлиб қолишини» таъкидлаб, «биз Қосим-Жомарт Кемелевич билан дарров чинакам дўстона, яқин муносабатлар ўрнатдик», деди.
«Биз мунтазам равишда бир-биримизга қўнғироқ қиламиз ва турли форматларда учрашамиз – икки томонлама кун тартибида ҳам, кўп томонлама ҳамкорлик масалаларида ҳам «соатларни солиштирамиз». Бундай шахсий алоқалар Россия-Қозоғистон алоқаларининг юксак даражасини тўлиқ акс эттиради», — дея тушунтирди Путин.
Унинг қайд этишича, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик имтиёзли хусусиятга эга. «Бу ўзаро ҳурмат, суверенитетни тан олиш, ҳудудий яхлитлик ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланади», — деди Россия президенти.
Унинг сўзларига кўра, Путин ва Тўқаев видеоконференция орқали иштирок этадиган XIX минтақалараро ҳамкорлик форуми якунларига кўра, «минтақалараро келишувларнинг мустаҳкам тўплами ва энг муҳими, тижорат шартномалари имзоланиши керак».
Путиннинг сўзларига кўра, Россия Қозоғистон иқтисодиётига энг йирик сармоя киритаётган давлатларлардан бири ҳисобланади. Ушбу республикага киритилган Россия инвестициялари қарийб 17 миллиард долларни ташкил этади ва бу ерда Россия иштирокидаги 6 мингга яқин корхона ишлайди. 2022 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 10,2 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 28,2 миллиард долларни ташкил этди, жорий йилнинг январь-август ойларида эса яна 7,6 фоизга ошиб, 18,9 миллиард долларни ташкил этди.
ℹ️ Владимир Путин 9 ноябрь куни Қозоғистонга келади. Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар чоғида «Россия-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий масалалари, Евроосиё маконида интеграция бирлашмалари доирасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинади», дея хабар беради Россия президенти матбуот хизмати.