Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Сарикемер қишлоғидаги Н.Киикбаев номидаги гимназия мактабининг 44 нафар ўқувчиси ва икки нафар ўқитувчиси таълим муассасаси ошхонасида тушлик қилгандан сўнг шифокорларга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи ҳолат 7 ноябрь куни тушдан кейин қайд этилган — ўқувчи заифлик ва қусишдан шикоят қилган. Шу куни яна 45 киши мутахассисларга мурожаат қилган. 13 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг уйига кетишга рухсат берилган.
Байзак тумани марказий касалхонаси шифокорлари 33 нафар беморни касалхонага ётқизишган ва детоксификация терапиясини ўтказишган.
Айни дамда тиббий муассасадаги беморларнинг аҳволи ўртача ва барқарор деб баҳоланмоқда.
Жамбил вилояти ҳокими Эрбол Карашукеев топшириғига кўра комиссия тузилган, унинг таркибига педиатрлар, токсикологлар, анестезиологлар ва инфекционистлар киради. Шунингдек, умумий амалиёт врачлари ва ҳамширалардан 16 та мобил гуруҳлар ташкил этилиб, гимназия мактаб ўқувчиларига уйма-уй юриб бориб кўришган. Текширув давомида бошқа жабрланувчилар аниқланмаган.
Ҳокимликнинг аниқлик киритишича, мактаб ўқувчиларини овқатлантиришга масъул бўлган якка тартибдаги тадбиркор Тўқсеитов фаолияти тўхтатилган. Гимназия ҳудудида бактериологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.
ℹ️ Қозоғистонда оммавий заҳарланиш ҳолатлари аввал ҳам қайд этилган. Хуллас, шу йилнинг июнь ойида Туркистон вилоятининг Кентау шаҳрида ҳам худди шундай воқеа содир бўлганди. Бу ерда юзга яқин киши маҳаллий фастфуд кафеларидан бирида овқатлангандан кейин шифокорларга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кейинчалик мутахассислар ушбу умумий овқатланиш корхонаси ходимлари орасида стафилококк ва сальмонеллаларни аниқлаганлар.
Август ойида Қарағанда вилоятидаги имконияти чекланган болалар учун махсус ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказида 12 нафар бола заҳарланган эди. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, беморлардан бирини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.