Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда уран қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритади

dzeninfra.ru сайти фотосурати

Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритади. Бу ҳақда Spot.uz Ўзбекистон кончилик ва геология вазири Бобир Исломовга таяниб хабар беради.

Вазир Ўзбекистон Orano билан стратегик шериклик шартномасини имзолагани, ҳозирда Франция компанияси геология-қидирув ишларини олиб бораётганини айтди. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асоси (ТИС) жорий йил охиригача тайёрланади.

«Стратегик келишувда [Навоий вилоятининг Томди туманидаги] иккита қўшимча майдонда бўлиши кўрсатилган, уларда [Orano] геологик қидирув ишларини олиб боради. Барчаси, албатта, техник-иқтисодий асослаш ҳал қилинади, ҳозирча ҳаммаси ижобий кетмоқда. Умумий сармоянинг жами ҳажми шартномада $500 млнгача қилиб белгиланган», — дейди Исломов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда уран ишлаб чиқаришнинг мавжуд ҳажмлари аллақачон бозорларни топган. Ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш ортиб бориши билан экспорт бўйича қарорлар нарх муҳитини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

«Уран бўйича ким билан ишлашишимиздан қатъий назар, биз жаҳон нархларига асосланганмиз. Агар нарх кўтарилса, бизда ҳамма нарса формулаларга боғлиқ ва етказиб бериш нархимиз ҳам кўтарилади», — деди вазир.

ℹ️ Orano —дунёдаги энг йирик уран ва ядро ёқилғиси ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, активлари 29 миллиард еврони ташкил этади. 2019 йил декабрь ойида компания Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (Давлатгеология, кейинчалик вазирликка айлантирилди) билан биргаликда Nurlikum Mining қўшма корхонасини ташкил этган. Қўшма корхона Навоий вилоятидаги Желгенди конида уранни қидириш ва қазиб олиш билан шуғулланади. Давлат геология қўмитаси корхонадаги улушнинг 49 фоизини, француз компанияси 51 фоизини олган. Қўшма корхонага йилига 1500 тонна уран оксиди ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган, Orano эса маҳсулотларни қулай молиявий шартларда сотишни кафолатлаган.

2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи чоғида Orano Mining, Давлат геология қўмитаси ва Ўзбекистоннинг «Навоийуран» давлат корхонаси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган эди. Исломов ўшанда Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача мавжуд фойдали қазилма захиралари ва йиллик қазиб олиш суръатини икки баравар оширишни режалаштирганини маълум қилганди.

2022 йили Ўзбекистон Европа Иттифоқига уран экспортини 2,71 баробарга, яъни 441 тоннага, АҚШга эса 78 фоизга, U3О8 эквивалентини 4,44 миллион фунтга етказди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ