Олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ кейин жазосининг ўталмаган қисми озодликни чеклаш билан алмаштирилган қозоғистонлик тадбиркор Қайрат Боранбаев озодликка чиқди. 6 ноябрь куни маҳкум уйига жўнаб кетди, деб хабар беради «Информбюро» Қозоғистон ИИВ Жиноят-ижроия тизими қўмитаси (ЖИТҚ матбуот хизматига таяниб.
Қўмитанинг аниқлик киритишича, олигарх жазонинг қолган қисмини «яшаш жойида» ўтайди.
«Муассаса маъмурияти маҳкумга пробация рўйхатидан ўтиш ва унинг назоратида бўлиш учун пробация хизматига келиш йўналиши ва вақти кўрсатилган ҳолда жазони ўташ жойига жўнаб кетиш тўғрисида буйруқ берди, шунингдек уни тавсифловчи материаллар ҳам у ерга юборилади», — дейилади ЖИТҚ хабарида.
ℹ️ Қайрат Боранбаев Нурсултон Назарбоевнинг собиқ қудаси. Унинг қизи Алима 2020 йил август ойида вафот этган собиқ президентнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққанди. Тадбиркор 2022 йил март ойида квазидавлат секторидаги маблағларни, хусусан, газ билан боғлиқ операцияларни ўзлаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Орадан бир йил ўтиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ кейинчалик газ нархи кўрсатилган ҳужжатнинг асл нусхаси йўқлиги сабабли ҳукм бекор қилинган.
Жорий йилнинг август ойида Боранбаев ўз айбига иқрор бўлиб, тергов билан келишувга эришган, шундан сўнг у олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Октябрь ойида Оқмола вилояти Зерендинский туман суди олигарх жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаганлиги, етказилган зарарни қоплагани ва қилмишидан пушаймон бўлгани сабабли унинг қамоқ жазосини озодликни чеклаш билан алмаштирди.
ℹ️ Жараён давомида тадбиркор умумий қиймати 90 миллиард тенгедан (195,4 миллион доллар) ортиқ бўлган мол-мулкини давлатга ўз ихтиёри билан қайтарди. Боранбаев компанияси Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига яна 66 миллион доллар ўтказди. Ниҳоят, тадбиркор маблағларни ўғирлаш бўйича тергов доирасида 14,5 миллиард тенге (30,3 миллион доллар)ни қайтариб берди. Худди шу иш бўйича суд ҳукми билан унга тегишли Олмаотадаги ер участкаси ва 2 миллиард тенгедан (4 миллион доллар) ортиқ банк ҳисоб рақамлари мусодара қилинган.