Қозоғистоннинг Туркий Давлатлар Ташкилотига (ТДТ) раислиги «Туркий давр!» ёки «TURKTIME!» шиори остида ўтади. Бу ҳақда 3 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган ТДТ Х саммитида сўзга чиққан республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
Давлат раҳбари «TURKTIME!» — бу ташкилотнинг саккизта устувор йўналишини акс эттирувчи аббревиатура эканини тушунтирди:
✅ урф-одатлар (Traditions);
✅ бирлаштириш (Unification);
✅ ислоҳотлар (Reforms);
✅ билим (Knowledge);
✅ ишонч (Trust);
✅ инвестициялар (Investments);
✅ воситачилик (Mediation);
✅ энергия (Energy).
Тўқаев ўз нутқини ҳар бир атаманинг маъносини очиб берди. Жумладан, Қозоғистон президенти бирлашиш ҳақида гапирар экан, туркий давлатларнинг синхрон ривожланишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. У ТДТга аъзо давлатларнинг стандартлари ва терминологиясини тизимлаштиришни таклиф қилди.
«Ягона стандартлар ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини тахминан 1 фоизга таъминлайди. Ҳозир мамлакатларимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 1,4 триллион долларни ташкил этади. Жорий йили Ташкилот аъзолари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 22 миллиард доллардан ошди. Умумий талаблар тасдиқланса, бу кўрсаткични 1,5 баробарга ошириш мумкин», — деди Тўқаев.
Останадаги ТДТ Х саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати (Халқ кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳозир бўлдилар.
Ўзбекистоннинг ТДТга раислиги Қозоғистонга ўтди. Шавкат Мирзиёев «Туркий оила бирлигини мустаҳкамлаш, туркий мамлакатлар манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол тарғиб этишдаги улкан ҳиссаси учун» «Туркий дунёсининг олий ордени» билан тақдирланди.
Саммит якунлари бўйича 12 та ҳужжат имзоланди, жумладан:
👉 Остона Акти;
👉 ТДТ Х саммити декларацияси;
👉 6 феврални ТДТ қурбонларини хотирлаш ва бирдамлик куни деб тасдиқлаш тўғрисидаги қарор;
👉 2023-2027 йилларга мўлжалланган Транспорт коммуникациялари дастурини амалга ошириш бўйича Туркий давлатлар ташкилотининг Қўшма ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) ва бошқа ҳужжатлар.
ℹ️ Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) 2009 йил октабрь ойида ташкил этилган бўлиб, илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий Кенгаш) деб аталган. Айни пайтда ТДТ таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат сифатида қатнашади.