«Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессида 40 та давлатдан олимлар иштирок этади

Конгресс ташкилотчилари фотосурати

5-8 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев таклифи ва ERIELL нефть хизмати гуруҳи, давлат идоралари ва тузилмалари кўмагида ташкил этилган.

Конгресс ҳар йили ўтказилади. Унинг доирасида Жаҳон жамияти аъзолари, жумладан, 40 мамлакатдан 300 дан ортиқ олимлар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида», «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси» туркумидан янги китоб-альбомлар, «Ўзбекистон архитектура эпиграфияси» туркумидан янги китоб-альбомлар, факсимили нашрларини муҳокама қиладилар. ТУРКСОЙ кўмагида маданий меросни оммалаштиришга оид янги кинолойиҳаларни тақдим этиш мақсадида ўтказиладиган конгрессда туркий дунё давлатлари кино ташкилотлари раҳбарлари иштирок этади.

Конгрессда 30 дан ортиқ илмий ва маданий халқаро ва хорижий миллий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида ТУРКСОЙ раҳбари Султон Раев, IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Темурийлар уюшмаси асосчиси ва президенти Фредерик Брессанд, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, Марказий Осиё ва Кавказ институт асосчиси ва раиси Фредерик Старр, Халқаро Туркий Академия президенти Шаин Мустафоев, Culturcooperation International Е.V. халқаро жамғармаси директори Э.В. Кетлин Гёбель, Британия Форсшунослик институти президенти Чарльз Мелвилл, ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси Бош котиби Гаяне Умерова ва бошқа мутахассислар иштирок этадилар.

Конгресс доирасида жами бешта халқаро конференция ўтказилади, уларда 120 га яқин илмий маърузалар тингланади; 70 дан ортиқ маърузачилар иштирокида бешта панел сессияси; бешта тематик кўргазмалар ва ўқув экскурсиялари ўтказилади. Муҳокама учун эълон қилинган барча мавзулар тўғридан-тўғри ёки билвосита Жаҳон Жамиятининг нашр этилган ёки режалаштирилган нашрларига тегишлидир. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича Республика Президенти томонидан қўйилган вазифа ҳам муҳокама қилинади.

Конгресснинг асосий ҳодисаси — Бутунжаҳон жамияти янги нашрларининг тақдимотидир. Хусусан, қуйидагилар тақдим этилади:

👉 «Дунё тўпламларида маданий мерос» туркумидан 10 та янги китоб-альбом (61-70 жилдлар), шу жумладан Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (жумладан, Татаристон), Туркия ва Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган альбомлар;

👉 «Шарқ миниатюрасидаги тарихий сиймолар», «Клавихо: Самарқанддаги Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)», «Риштон кулоллари», «Ўзбекистон санъати дурдоналари», «Орол ва Аму соҳилларида: қорақалпоқлар санъати», «Бадиий атамалар энциклопедияси»;

👉 режалаштирилган нашрлар — «Безак энциклопедияси», «Ўзбекистон гиламлари», «114 Қуръон», «Шарқнинг 100 та буюк қўлёзмаси» лойиҳалари.

Алоҳида блокда «Эдуард Ртвеладзе хотираси» китобининг тақдимоти ва маданий меросни асраб-авайлашни ўрганишга улкан ҳисса қўшган олимнинг рақамлаштирилган кутубхонаси тақдим этилади.

Тематик кўргазмалар Бутунжаҳон жамиятининг нашр этилган ёки келгуси нашрларига бағишланган. Улардан бири Шарқ қўлёзмалари ҳақида сўзлаб беради, шу қаторда машҳур Катталангар Қуръони (Усмон Қуръони) нинг бугунгача етиб келган саҳифаларининг тўлиқ нусхаси факсимили илк бор тақдим этилади.

Ташкилотчилар конгрессдан кўзланган мақсадМарказий Осиё маданиятини ўрганувчи халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш, шунингдек Жаҳон жамияти томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишларни тақдим этиш ва фаолиятнинг янги йўналишларини илгари суриш, деб биладилар.

ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОСCУ) 2018 йили турли мамлакатлардан келган 300 дан ортиқ шарқшунос олимлар ташаббуси билан ташкил этилган. 2019 йили у Парижда расман рўйхатдан ўтган бўлса, бу йил Тошкентда ўз ваколатхонасини очди. Конгрессларда WОСCУ аъзолари йил давомида қилган ишлари натижаларини муҳокама қиладилар ва бўлажак режаларни тузадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ