Саудия тараққиёт жамғармаси Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 375 миллион саудия риали (100 миллион доллар) миқдорида кредит беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда 2 ноябрь куни Саудия Арабистонининг Душанбедаги элчихонаси баёнотига таяниб «Азия-плюс» хабар берди.
Шундай қилиб, ушбу фонд жаҳон тараққиёт жамғармалари орасида биринчи бўлиб Роғун ГЭСи лойиҳасини молиялаштириш истагини билдирган.
Элчихона баёнотида таъкидланишича, Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун ажратилиши мумкин бўлган маблағлар ушбу жамғарма томонидан 2002 йилдан буён, яъни Тожикистонда фаолият бошланганидан кейин республикага кўрсатилаётган молиявий ёрдамнинг ярмини ташкил этади.
Дипломатик миссия Роғун ГЭСини «минтақадаги энг йирик лойиҳа», «Тожикистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётида муҳим омилга айланиши мумки» деб таснифлайди ва унинг экологик нуқтаи назардан ҳам аҳамиятини қайд этади.
Жорий йилнинг август ойи ўрталарида Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода мамлакат ҳукумати жорий йил охиригача Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун қўшимча молиялаштиришни жалб қилиш бўйича салоҳиятли инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар бошлашини маълум қилган эди.
Вазир Жаҳон банки, Европа инвестиция банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтларини лойиҳага потенциал инвестор сифатида киритган. Шу билан бирга, у жорий йилнинг февраль ойида Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСининг кейинги қурилиши учун Европа банкларидан кредит жалб қилишдан воз кечишини айтган эди.
Шу пайтгача Роғун ГЭСи фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб келган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон яқинда Роғун ГЭСи қурувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда жорий йил бошидан буён ГЭС қурилишини якунлаш учун 3 миллиард сомонийдан (237,9 миллион доллар) ортиқ маблағ ажратилганини, хусусан, 2,6 миллиард сомоний (237,3 миллион доллар) бюджетдан, 427 миллион сомоний (600 минг доллар) эса ушбу станциянинг икки агрегати ишлаб чиқарган электр энергиясини сотиш ҳисобидан бўлганини маълум қилганди.
Раҳмоннинг таъкидлашича, реставрация ва қурилиш ишлари бошлангандан буён (2008 йилдан буён) Роғун ГЭСи қурилиши учун давлат бюджетидан 35 миллиард сомонийдан (бугунги расмий курс бўйича 3,19 миллиард доллар) ортиқ маблағ ажратилган.
ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳасидир. Лойиҳа қуввати 3600 МВт бўлиб, ГЭСнинг олти блоки йилига 13,1 миллиард киловатт*соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради.