Макрон ва Мирзиёев Ўзбекистон-Франция Савдо палатасини ишга туширди ва қўшма баёнот қабул қилди

Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Франция қўшма савдо палатасини ташкил этди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макроннинг Самарқандда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушиши ҳамда Тошкентда «Business France» агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани эълон қилинди», — дейилади хабарда.

Макрон 1 ноябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди, у таркибида расмийлар, етакчи компаниялар раҳбарлари, таниқли маданият ва фан арбобларидан иборат делегациясига бошчилик қилди. Ташрифнинг биринчи нуқтаси Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд бўйлаб тунги сайр қилиш бўлди. Президентлар Регистон майдонида биргаликда суратга тушди, сўнг «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказидаги «Абадий шаҳар» тарихий-этнографик боғига ташриф буюришди.

2 ноябрь куни Конгресс марказида юқори даражадаги музокаралар бўлиб ўтди — аввалига тор доирада, кейин кенгайтирилган таркибда. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдилар ва бу ҳақда улар имзолаган Қўшма баёнотда қайд этилди.

Учрашувларда яқин келажакда Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард еврога етиши таъкидланди. Қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 10 миллиард евродан ошди. Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда. Франциянинг Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia каби бизнес етакчи компаниялари Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Мирзиёев тоғ-кон саноати, стратегик хомашёни қайта ишлаш, гибридли, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимини модернизация қилиш, ақлли қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ҳамкорликнинг устувор тармоқлари сифатида белгилаб берди.

Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.

Томонлар Самарқандда Француз альянси филиалининг очилишини олқишладилар ва Тошкентда Ўзбек-француз университетини ташкил этишни жадаллаштириш, француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро маданият кунларини ўтказишга келишиб олдилар.

«Хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди», — дейилади Мирзиёев матбуот хизмати хабарида.

Музокаралар якунида президентлар иштирокида молия, таълим, маданият ва давлатлараро ҳамкорликнинг бошқа соҳаларига оид 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.

Улар орасида:

👉 «Самарқанд Француз Альянси»ни ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида ҳукуматлараро битим;

👉 Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённомалар (1- ва 2-босқичлар);

👉 Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва «ПРОПАРКО»ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;

👉 ташқи ишлар вазирликлари ўртасида дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;

👉 мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома;

ℹ️ Ўзбекистон Эммануэль Макроннинг Марказий Осиёга ташрифи дастурининг иккинчи ва якуний нуқтаси бўлди – 1 ноябрь куни Франция президенти Қозоғистонга ташриф буюрганди. Макроннинг Марказий Осиёга келиши арафасида Bloomberg агентлиги Нигерда ҳарбий тўнтариш туфайли уран қазиб олиш тўхтатилганидан сўнг Франциянинг уран етказиб берилишини кўпайтириш истаги Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифлар билан боғлиқлигини хабар қилди. Қозоғистон уран қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради, 2022 йили мамлакат жаҳон уран рудаси заҳираларининг 43 фоизини ишлаб чиқарган.

ℹ️ Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ташрифи Франция президентининг мустақил Марказий Осиё республикаси тарихидаги иккинчи ташрифи бўлди: 1994 йил апрелида Француа Миттеран Тошкентга келганди. Ундан олти ой аввал, 1993 йил октабрь ойида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Парижга ташриф буюрган эди. Иккинчи марта у Францияга 1996 йил апрель ойида ЮНEСКОда Ўзбекистон ҳафталиги доирасида борган. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимига киришганидан сўнг икки марта – 2018 йил октабрь ва 2022 йил ноябрда Францияга ташриф буюрди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ