Икки россиялик фаол Қозоғистонда бошпана изловчи мақомини олди

Наталья Нарская ва Айхал Аммосов. masa.media сайтидан коллаж

Олмаота тергов изоляторида сақланаётган россиялик Айхал Аммосов ва Наталья Нарская Қозоғистонда бошпана изловчи мақоми тўғрисида гувоҳнома олди. Бу ҳақда адвокат Мурат Адам ўзининг Instagramида (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) хабар берди.

Ушбу гувоҳномани олиш фаолларни Россияга экстрадиция қилиш қарорини тўхтатади. «Илтимос, буни уларга бошпана бериш қарори билан аралаштириб юборманг, чунки бунга барча қонуний асослар мавжудлиги сабаб, биз ҳали ҳам мазкур қарорни кутмоқдамиз», — дея қўшимча қилади Мурат Адам.

РФдан Қозоғистонга ҳижрат қилган 29 ёшли вокал ўқитувчиси Наталья Нарская уч ой олдин ҳибсга олинган эди. Ватанида унга нисбатан «экстремизмга даъват қилиш» айби билан иш очилган. Бунга унинг рус армиясига нисбатан қилган баёнотлари сабаб бўлиши мумкин.

Ёқут фаоли Айхал Аммосов 9 октябрь куни Олмаотада ҳибсга олинган. У Россияни тарк этган, чунки унга қарши «Россия қуролли кучларини обрўсизлантириш» моддаси билан жиноий иш очилган. Қозоғистон қонунчилигида бу модданинг ўхшаши йўқ, шунинг учун ҳам расмийлар фаолни экстрадиция қилишга мажбур эмаслар. Ҳибсга олингандан сўнг, Россияда Айхалга қарши «терроризмни тарғиб қилиш» (РФ Жиноят кодексининг 205.2-моддаси 2-қисми) айблови билан яна бир иш очилгани маълум бўлди.

Украина ҳудудида МҲО бошлангандан сўнг, махсус операцияга қарши чиққан россияликларнинг бир қисми мамлакатни тарк этиб, Қозоғистонга кўчиб ўтган. Айни пайтда республика ҳукумати уларнинг ичидан ватанларида жиноий иш очилганларини ҳибсга ола бошлади. Улардан баъзилари Россияга қайтарилган, бошқалари эса ҳали ҳам ҳибсда. Гап, жумладан шу йилнинг февраль ойидан бери Олмаота тергов изоляторида сақланаётган анархист Денис Козак (Росфинмониторинг томонидан террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган) ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, 2022 йил декабрь ойида Остона МҲОга қарши бўлган ва унда иштирок этишни истамаган Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Михаил Жилинни Россия расмийларига топширди. Россиялик чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Қозоғистонда қочқин мақомини олишни мақсад қилган. Жилиннинг илтимоси рад этилган ва у РФга депортация қилинган. Россияда Жилин дезертирлик ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш моддалари бўйича 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ