ОАВ: Ёзда 25 йилга қамалган Туркманистон вилояти раҳбари озодликка чиққанини нишонлади

Довранберди Аннабердиев истеъфосидан сўнг дарҳол мажлисни тарк этган. azathabar.com сайти фотосурати

Жорий йилнинг август ойида 25 йилга озодликдан маҳрум этилган Туркманистоннинг Мари вилояти собиқ хокими Довранберди Аннабердиев уйига қайтиб, озодликка чиққанини нишонлади. Бу ҳақда Turkmen.news нашри минтақадаги манбаларга таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, Аннабердиев сентябрь ойида уйига қайтган ва октябрь ойи ўрталарида Сакарчаға этрапидаги (туман) ўзининг туғилган On Ikinji колхозида байрам уюштирган. Байрам бир неча кун давом этган.

Собиқ ҳокимнинг озод этилишининг аниқ сабаби номаълум. Turkmen.news икки версияни илгари суради. Бирига кўра, Аннабердиев катта миқдорда пора бериб, унга қўйилган молиявий даъвони ёпган. Бошқа бир версияга кўра, собиқ ҳокимга Аннабердиев яхши муносабатда бўлган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ёрдам берган. Туркманистон веб-ресурси хабарига кўра, собиқ ҳокимни таъқиб қилиш буйруғини мамлакатнинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов берган.

ℹ️ Аннабердиев 2023 йил июль ойида ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида «фаолиятидаги жиддий камчиликлари учун» ишдан бўшатилган эди. Кейин бир қанча юқори мартабали амалдорлар, жумладан, Аҳал вилоятининг ҳокими Язмуҳаммет Гурбанов ўз лавозимидан айрилган.

Аннабердиев ва Гурбановга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, қайси моддалар бўйичалиги номаълум. «Азатлиқ» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) хабарига кўра, Аннабердиев давлат мулкини ўғирлаш ва ер участкаларини ажратишда коррупцияда айбланган. Унинг Мари ва Ашхободдаги уйларида тинтув ўтказилиб, катта миқдордаги пуллари олиб қўйилган, қариндошларига эса «жамоат олдига кўринмаслик» буюрилган.

Turkmen.news хабарига кўра, иккала собиқ ҳокимга нисбатан жиноий ишда ўғрилик ва бепарволик тўғрисида сўз борган. Уларга бир кунда, 7 август куни ҳукм чиқарилган ва иккаласи ҳам 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ